Россияда гиёҳванд модда контрабандасида айбланиб, тўққиз йилга қамалган америкалик баскетболчи қиз Бриттни Грайнер россиялик Виктор Бутга алмаштирилди. АҚШда уни «ўлим савдогари» деб аташарди. Унга колумбиялик жангариларга қурол етказиб бергани учун 25 йил беришганди.

Виктор Бут - советлар армиясида таржимон бўлган, советларнинг ҳарбий-транспорт авиациясида хизмат қилган. 1991 йилда захирага олингач бизнес билан шуғуллана бошлаган - унинг ўзи айтишича, халқаро авиапарвозлар соҳасида фаолият кўрсатган. Бут дунёнинг асосан хавфли саналадиган минтақаларига маҳсулотлар етказиб бериш бўйича кенг кўламли бизнесни йўлга қўйгани маълум.

У халқаро қурол савдосини бошлашдан олдин гуллар, мебел ва музлатилган жўжалар етказиб бериш билан шуғулланган. ОАВ маълумотига кўра, Бут Афғонистонга (ҳукумат қўшинларига ҳам, толибларга ҳам) Ангола ва Ғарбий Африка мамлакатларидаги исёнчиларга қуроллар ва ҳарбий жиҳозлар етказиб берган. Уни шунингдек «Ал-Қоида»га ҳам қуроллар, жумладан кимёвий қуроллар етказиб беришга алоқадорликда гумон қилишган.

У 2008 йил мартида Бангкокда АҚШ ҳукумати берган ордер асосида қўлга олинган. Ню-Йорк Федерал округ прокуратураси уни «қуроллар АҚШ фуқаролари ва расмий шахсларини ўлдиришда қўлланишини англаган ҳолда» Колумбиядаги Инқилобий қуролли кучлар жангариларига қурол етказиб бериш бўйича жиноий тил бириктиришда айблаган.

Ўшанда Ғарб нашрлари Таиландда Бутни ўзини гўёки FARC жангарилари сифатида кўрсатган Америка махсус хизматлари жосуслари тузоққа туширгани ҳақида ёзганди.

Таиланд ҳукумати икки ярим йил вақт ўтиб, 2010 йил ноябрида АҚШнинг Россия фуқаросини экстрадиция қилиш тўғрисидаги сўровини қаноатлантиради. Россия ТИВ Бутнинг АҚШга экстрадиция қилинишига протест билдиради, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Таиланд ҳукумати ҳаракатини АҚШнинг сиёсий босими натижаси ва «тоқат қилиб бўлмас адолатсизлик намунаси» деб атаганди.

Айрим экспертлар 1990-йилларда советларнинг транспорт самолётларида Африкадаги қатор «қайноқ нуқталар»га парвозларни амалга ошириб машҳур бўлган Бут Россия разведкаси учун ўта фойдали шахс ҳисоблангани ва Москва у Қўшма Штатларда суд қилинишини истамаслигини тахмин қилганди.

Бутнинг ўзи қандайдир давлат сирларидан бохабар экани ҳақидаги маълумотни рад этган. «Менда Россия давлати ва унинг етакчилари ҳақида ҳеч қанақа махфий маълумотлар йўқ... Мен умуман Россия компаниялари билан ҳам, давлат ташкилотлари билан ҳам ишламаганман», - деган у.