Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров тараққиёт кушандаси ва жамиятни ичидан емирадиган офат – коррупция иллатидан сақланиш ҳақида юртдошларимизга мурожаат қилди.
«Порахўрлик диний манбаларимизда «ришва» деб номланиб, бировнинг фойдасига ҳукм қилиш ёки истагини амалга ошириш учун иш эгасига бирор нарса беришга айтилади. Ришва сўзи «рашаа»дан олинган бўлиб, жўжа егулик илинжида ўз онасига бўйнини чўзишига айтилади. Худди шунингдек, порахўр ҳам ўзи ҳақли бўлмаса-да одамлардан бирор нарса олиш илинжида қўли ва бўйнини чўзади. Порахўрлик Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламоларнинг ижмосига кўра ҳаром иш ва катта гуноҳ ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар. Билатуриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейиш мақсадида гуноҳ йўл билан уни ҳокимларга узатманглар» (Бақара сураси, 188-оят).
«Молларни ноҳақ ейиш»га пора бериш ва олиш, ўғрилик қилиш, омонатга хиёнат қилиш, фирибгарлик, фоиз олиш, қарзга нарса олиб, ундан тониш, зўрлик билан тортиб олиш, қиморда ютиб олиш, ўлчов ва тарозидан уриш, одам савдоси, сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш, ножоиз тижорат билан молни қўлга киритиш киради. Юқоридаги усуллар орқали мол топиш шариатда ҳаром қилинган.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар» (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Бугун жамиятда шу учаласидан бири бўлиб қолиш кўпайди. Агар ҳаммамиз ҳам Аллоҳдан қўрқиб, ҳадисга амал қилиб, пора бериш ва воситачиликдан ҳам тўхтасак, жамиятда иншаллоҳ, бу муаммо йўқолади. Расулуллоҳ алайҳиссалом лаънатлаган бу иш қанчалик оғирлигини тасаввур қилишимиз керак».
Муфтий, шунингдек, пора олаётганлар уни ҳадя деб, ўзини оқлашга ҳаракат қилса ҳам у гуноҳлигича қолаверади.
«Шуни яхши билишимиз керакки, пора нима деб аталмасин, барибир поралигича қолаверади. Баъзан пора олаётганлар уни «ҳадя», «совға» деб, ўзини оқлашга, «йўл» топиб олишга одатланган бўлади. Берувчилар ҳам доимо «кўнгилдан чиқди», «атаб қўйганмиз», «эҳсон» каби «чиройли» сўзлар билан ўзининг қабиҳ амалларини «бўяб», уни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилади. Эътибор қаратадиган бўлсак









