Кузатув камераларидан одамни яшира оладиган махсус кийим

Фото: Courtesy of Wei Hui

Ухан университети (ХХР) аспирантлари Huawei компаниясининг киберхавфсизлик бўйича инновациялар танловида махсус кийимни намойиш этишди. У сунъий интеллектга асосланган видеокузатув камераларида одамнинг шахсини яшириш имконини беради.

InvisDefense деб номланган «ақлли» пальто тажриба синовида кузатув камераларининг самарадорлигини 57 фоизгача камайтирган. Кийимга ўрнатилган иссиқлик датчиклари ва махсус нақш кузатув камераларини чалғитиш имконини беради. Шунингдек, кечаси пальтога ўрнатилган махсус қурилмалар термал нурланишни бузади ва шу билан ақлли камераларнинг инфрақизил сенсорларини алдайди.

Хитойда сунъий интеллектнинг юқори даражада ривожланган видеокузатув тизими мавжуд. Кўпгина фуқароларнинг фикрича, давлат шу тарзда уларнинг шахсий ҳаётига аралашиб келмоқда. Мазкур ихтиро бир томондан, одамларнинг шахсий ҳаётини кузатишни чеклаш имконини берса, бошқа томондан ноқонуний мақсадларда хавфсизлик тизимларини чалғитиш учун ҳам ишлатилиши мумкин.

Тадқиқотчилар «ақлли» пальтоларнинг ҳар бир тўпламини 500 юандан (71 доллар) сотишни режа қилмоқда.

Telegram’да SIM-картасиз рўйхатдан ўтиш имконияти пайдо бўлди

Фото: Telegram

Telegram маъмурияти навбатдаги янгиликлар, жумладан, SIM-картасиз аккаунт очиш имконияти ҳақида хабар берди. 

«Telegram орқали мулоқот қилганда телефон рақамини бегоналардан яшириш имкони бор эди. Фойдаланувчи уни кимга кўрсатишни ўзи ҳал қилиши ва телефон рақами орқали ўзини топишни тақиқлаши мумкин эди. Энди эса махфийликнинг янги даври бошланди. Бундан буён Telegram аккаунтини блокчейн асосидаги аноним рақамлардан фойдаланган ҳолда, SIM-картасиз рўйхатдан ўтказиш мумкин. Бундай рақамларни Fragment платформасида харид қилиш мумкин», дейилади маъмурият хабарида.