11:06 / 12.12.2022
17409

Қувур ёрилиши оқибатида Ангрен нефть базасидан 11,5 минг литр бензин оқиб кетган

Ҳодисага 5000 метр куб ҳажмдаги резервуар жўмраги музлаб ёрилгани сабаб бўлган.

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Ангрен нефть базасида авария содир бўлгани, одамлар қувурдан оқиб ётган бензинни идишларга қуйиб олиб кетаётгани акс этган видеолар тарқалганди. Корхона раҳбарияти ҳодисага муносабат билдирди.

 “Жорий йилнинг 10 декабрь куни тахминан соат 20:10 да Ангреннефтебазаси ҳудудида 5000 м (куб) ҳажмдаги 20-сонли сиғим (резервуар) сифонининг жўмраги ҳаво ҳарорати пасайиши туфайли музлаб ёрилган. Бунинг оқибатида сиғимда бўлган АИ-80 бензин ёқилғи маҳсулоти (11 500 литр) тўкилган”, дея корхона бошлиғи Д.Азимовнинг сўзларини келтирмоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Таъкидланишича, авария завод ишчи-ходимлари томонидан шу куннинг ўзида, соат 20:45 да бартараф қилинган.

Гарчи расмий маълумотда ҳеч кимга жиддий зарар етказилмагани алоҳида таъкидланган бўлса-да, Telegram-каналларида тарқалган видеоларнинг бирида қувурдан оқиб ётган бензинни олишга келганлардан бирининг кийими ёниб кетгани акс этган. Ёнғин бензин олиб бўлгандан сўнг эркак сигарет чекишга қарор қилгани ва бензин сачраган кийими кутилмаганда аланга олгани натижасида келиб чиққани айтилмоқда.

Kun.uz манбасига кўра, рўй берган ҳолат бўйича ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top