Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанд вилоятидаги подстанцияда ёнғин юзага келди
Ёнғин оқибатида Тойлоқ туманининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилиш кузатилган.
Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманидаги «Боғизағон» подстанциясида ёнғин юзага келди. Энергетика вазирлиги хабарига кўра, ҳодиса оқибатида туманнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
«Бугун, соат 20:18 да Тойлоқ туманидаги «Боғизағон» подстанциясидаги трансформаторда ёнғин юзага келган. Бунинг натижасида туманнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилиш кузатилмоқда. Ҳозирда мутахассислар томонидан ушбу носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг электр таъминоти қайта тикланади», дейилади вазирликнинг 11 декабр кунги хабарида.

ФВВ матбуот хизмати ҳам ҳолат юзасидан маълумот берди.
«11 декабр куни соат 19:51 да Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани «Боғизағон» МФЙда жойлашган 16 минг кВт НИМ подстанциясида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган. Шунга кўра иккита ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига 20:08 да етиб борган ва ёнғин соат 21:40 ўчирилган», дейилади хабарда.
Ёнғин натижасида подстанцияни ичидаги мойи ёниб зарарланган. Ҳеч қандай портлаш ҳолатлари рўй бермаган. Ёнғиндан ён-атрофдаги биноларга зарар етмаган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Энергетика вазирлиги 12 декабр куни Тойлоқ туманида ёниб кетган трансформатор янгисига алмаштирилаётгани тўғрисида хабар берди.
«Кечанинг ўзида мазкур ёнғин тўлиқ бартараф этилди. Ҳозирда шикастланган 16000 кВА трансформатор ўрнига 20 000 кВА трансформатор келтирилиб, ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.