Штайнмайер Макроннинг Россия учун кафолатлар ҳақидаги сўзларига изоҳ берди
Штайнмайернинг сўзларига кўра, Франция «Украина манфаатларига ҳар қандай тарзда зарар етказадиган қарорга» тайёрлиги ҳақидаги даъволарни тарқатиш керак эмас.
Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Франция етакчиси Эммануэл Макроннинг Россия «музокаралар столига қайтганида» хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги баёнотига изоҳ берди. Штайнмайернинг баёноти 12 декабрь, душанба куни Берлинда Полша президенти Анжей Дуда билан ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.
«Макронга келсак, немис оммавий ахборот воситаларида биз ҳам худди шундай муҳокамани ўтказдик... Макрон билан аслида нима назарда тутилгани ҳақида фикр алмашганим йўқ», — деди Штайнмайер. Унинг эслатишича, Франция президентининг баёнотлари унинг АҚШга ташрифи чоғида айтилган.
Reutersагентлигининг 3 декабрь куни хабар беришича, Вашингтон принципиал жиҳатдан музокаралар учун очиқ эканини билдирган, АҚШ президенти Жо Байден эса Россия давлати раҳбари Владимир Путин билан урушни тугатишдан манфаатдор эканини кўрсатсагина гаплашишини таъкидлаган.
Макроннинг баёнотларида, шунингдек, Америка томонининг баёнотларида «сиз ҳар доим қуйидаги жумлани топасиз: «Украинасиз музокаралар бошланмайди ва Украинага қарши ҳам ўтказилмайди», — деди Штайнмайер.
Германия президентининг сўзларига кўра, бу борада у Макроннинг сўзларини «уруш тугагандан кейинги келажак ҳақида, лекин урушни тугатиш таклифи сифатида бўлмаган» баёноти деб тушунган.
«Шунинг учун, менимча, энди Франция Германия ёки Полшадан фарқли ўлароқ, Украина манфаатларига ҳар қандай тарзда зарар етказадиган қарорга тайёр, деган шубҳаларни тарқатишнинг ҳожати йўқ», — дея хулоса қилди у.
Макроннинг изоҳи Франциянинг TF1 телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтилган, ундан парчалар 3 декабрь куни унинг ўз веб-сайтида эълон қилинган. Шу билан бирга, Франция раҳбари «биз эмас, Украина халқи қандай шартларда музокаралар бошланишини ҳал қилиши керак», деди.
Кейинчалик Германиянинг "Союз-90"/"яшиллар" партияси ташқи сиёсат бўйича эксперти Юрген Триттин хавфсизлик кафолатлари муҳимлиги, аммо у «бир томонлама бўлмаслиги керак»лигини таъкидлади. «Кимки уларни талаб қилса, аввало Украина учун ваъда қилинган хавфсизлик кафолатларини айтиши керак», деди Триттин Die Welt газетасига берган интервьюсида.
Киев музокаралар фақат Россия қўшинлари Украина ҳудудидан тўлиқ олиб чиқилиши шарти билан бошланиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган.
Аввалроқ, ноябрь ойи охирида Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер DW нашрига берган интервьюсида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириқлар ҳозир жиддий эмаслигини таъкидлаган эди. «Ҳозирги вақтда сулҳ тузиш, аслида, аллақачон содир бўлган адолатсизликни тан олишни англатади. Энди ўт очишни тўхтатиш Россия босиб олган ҳудудларни сақлаб қолишини англатади. Бу чегаралар бузилган, халқаро ҳуқуқ бузилган ва ер эгаллаб олинган дегани - буларнинг барчасига рухсат берилишини англатади», деб таъкидлади Штайнмайер. «Бу ўт очишни тўхтатиш мақсади бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун, афсуски, айтишим керакки, ҳозирча мен чиқиш йўлини кўрмаяпман», - дея қўшимча қилди у.
Мавзуга оид
17:50 / 06.11.2024
Макрон Трамп ғалабасидан кейин Франция ва Германия мақсадларини айтди
12:44 / 11.10.2024
Зеленский Парижда Макрон билан Украинанинг «ғалаба режаси»ни муҳокама қилди
21:28 / 29.09.2024
Германия президенти CC жиноятлари учун Италиядан кечирим сўради
15:10 / 24.09.2024