Ўзбекистон | 14:53 / 14.12.2022
7198
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда қарздорларнинг отаси МИБ ходимларини уриб жароҳат етказди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. МИБ ходимини урган шахс ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Фото: Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати

Жиноят натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича икки нафар фуқаронинг уйига борган МИБ ходимлари қарздорларнинг отаси томонидан ҳужумга учраган. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби маълумот берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 2022 йил 9 декабр куни Кўкдала туманида содир бўлган. МИБ Кўкдала тумани бўлимининг икки нафар ижрочиси Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг қарорига асосан қарздор ака-ука Р.Э. ва Р.Э.дан ундирувчи А.Қ.нинг фойдасига 4,8 млн сўмдан ундириш учун уларнинг яшаш манзилига борган.

Фото: Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида қарздорлардан бирида “Нексия-2” борлиги аниқланган. Мазкур машинани хатлаш жараёнида қарздорнинг маст ҳолатда бўлган 61 ёшли отаси МИБ ходимларига қаршилик кўрсатган. Уларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилган. Ходимларга оёқ ва қўллари билан зарба бериб, тан жароҳати етказган.

Қайд этилишича, 2022 йил 9 декабр куни туман прокуратураси томонидан фуқаро А.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. У Жиноят процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид