Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
UzAirways'ни “минтақадаги етакчи авиакомпания”га айлантириш режаси президентга тақдим этилди
Тақдимотда Ўзбекистонни “халқаро транспорт хабига айлантириш” ҳақида ҳам гап кетган. Маълум қилинишича, Uzbekistan Airways трансформация қилинади ва “жаҳон стандартлари асосида” хусусийлаштирилади. Бунинг учун 2015-2022 йилларда Turkish Airlines'ни бошқарган Илкер Айжи консултант сифатида жалб этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 14 декабр куни “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятини трансформация қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш бўйича вазифалар 2021 йил 30 апрелдаги президент қарорида белгиланган эди. Жараёнга хорижий консултантлар жалб этилган. Хусусан, “Uzbekistan airways” АЖни ислоҳ қилиш бўйича туркиялик мутахассис Илкер Айжи жамоаси билан иш олиб борилмоқда. У “Турк ҳаво йўллари” авиакомпаниясини бошқарган кезда уни минтақавий даражадан глобал миқёсга муваффақиятли олиб чиққан, дейилади расмий хабарда.
Қайд этилишича, бугун Uzbekistan Airways олдига ҳам шундай вазифа қўйилган. Ўзбекистоннинг географик жойлашуви ва соҳа инфратузилмасидан оқилона фойдаланиб, уни халқаро транспорт хабига айлантириш кўзда тутилган.
Тақдимотда давлат раҳбарига “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни трансформация қилиш ва ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган стратегия ҳақида ахборот берилди.
Унга кўра, авиакомпанияга халқаро тажриба асосида корпоратив бошқарув тизими жорий этиш, ҳаво кемаларини кўпайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва юк ташиш тармоғини кенгайтириш чоралари кўрилади. Хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда авиакомпанияни жаҳон стандартлари асосида хусусийлаштириш ишлари якунига етказилади.
“Мақсад – “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни етакчи минтақавий авиакомпанияга айлантириш, шунингдек, аҳолининг маҳаллий ва халқаро йўналишларда арзон нархларда ҳаракатланишини таъминлашдан иборатдир”, – дейилади хабарда.
Президент бу режаларни маъқуллаб, унинг ижросига тезроқ киришиш кераклигини таъкидлаган.
“Бу соҳада ўн йилга кечикканмиз. Авиакомпания эскича услубда ишлаяпти, йўловчилар хизмат сифатидан рози эмас. Агар иқтисодиётимизни, туризмни ривожлантирамиз десак, якка-ю ягона йўлимиз шу”, – деган Шавкат Мирзиёев.
Авиакомпанияда лойиҳа офиси тузиб, трансформация жараёнини мувофиқлаштириб бориш бўйича тавсиялар берилган.
Фото: Президент матбуот хизмати
Эслатиб ўтамиз, август ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги Uzbekistan Airways'ни хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун профессионал консалтинг компанияси танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилганди.
Мавзуга оид
11:35 / 11.02.2026
Тошкентга учган самолётлар Самарқанд ва Бишкекка қўнишга мажбур бўлди
15:10 / 03.02.2026
UzAirways йўловчилари рейсга кечикканда, қайтиш чиптаси бекор қилинмайдиган бўлди
08:40 / 03.02.2026
2026 йилдан Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports носоҳавий харажатларни молиялаштирмайди
18:12 / 28.01.2026