Вазирлар Маҳкамасининг “Мол-мулкларни кўчмас мулк жумласига (тоифасига) кириши юзасидан хулоса бериш тартиби ҳамда ер билан узвий боғлиқ мол-мулклар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қуйидагилар:
- мол-мулк кўчмас мулк жумласига кириши юзасидан хулоса беришда фойдаланиладиган маълумотлар манбалари, мол-мулк кўчмас мулк жумласига кириши юзасидан ишчи гуруҳ томонидан хулоса бериш, хулосадан норози бўлган шахс томонидан шикоят қилиш тартибини назарда тутувчи Мол-мулкларни кўчмас мулк жумласига (тоифасига) кириши юзасидан хулоса бериш тартиби тўғрисидаги низом;
- Ер билан узвий боғлиқ мол-мулклар рўйхати тасдиқланади.
Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси зарур ҳолларда Ер билан узвий боғлиқ мол-мулклар рўйхатини кенгайтириш ёки чиқариб ташлаш бўйича таклифлар киритади.
Мол-мулкларни кўчмас мулк жумласига (тоифасига) кириши юзасидан хулоса бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, у мол-мулкларни кўчмас мулк жумласига (тоифасига) кириши юзасидан хулоса бериш тартибини белгилайди. Ушбу низом талаблари ер ости бойликларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Мол-мулк фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатида кўчмас мулкка ва кўчар мулкка бўлинади. Кўчмас мулк объектлари фойдаланиш хусусиятларига кўра қуйидаги турларга бўлинади: ер участкалари; бинолар ва иншоотлар; кўп йиллик дарахтлар; ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк.
Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган мол-мулк кўчар мулк ҳисобланади. Кўчмас мулк объектлари қуйидагиларга асосан таснифланади:
- кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар давлат реестридаги маълумот ва ахборотлар;
- кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестридаги маълумот ва ахборотлар;
- мол-мулк кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат кадастрларини юритиш ҳамда ахборот тизимларида фойдаланиладиган классификаторлар тўпламидаги маълумотлар ва ахборотлар;
- кўчмас мулк объектлари кадастр йиғмажилдидаги (паспортидаги) маълумотлар ва ахборотлар;
- тегишли давлат кадастрларни юритишга масъул бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлардаги маълумотлар;
- ер билан узвий боғлиқ мол-мулклар;
- қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талаблар.

















