Европарламент Голодоморни - 1932-1933 йилларда Украинада «совет тузумининг қасддан сиёсати туфайли юзага келган» очарчиликни - украин халқининг геноциди деб тан олди. У «бир гуруҳ одамларни атайлаб жисмонан йўқ қилиш мақсадида, уларнинг яшаш шароитларини шундай ҳолатга келтириш учун содир этилгани» айтилади.

Бу ҳақда Европарламентнинг 15 декабрь, пайшанба куни Страсбургдаги сессия йиғилишида қабул қилинган резолюциясида айтилади. Резолюцияни 507 депутат қўллаб-қувватлаган, 12 нафари қарши, 17 нафари бетараф қолган. Ҳужжатда айтилишича, Украинада 1932-1933 йилларда сунъий очарчилик юзага келган барча ҳолатлар БМТнинг ушбу жиноятнинг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенциясида қайд этилган геноцид белгиларига мос келади. 

1932-1933 йиллардаги Голодомор миллионлаб украиналикларнинг ҳаётига зомин бўлди ва коллективлаштириш сиёсатини олиб бориш ҳамда Украина халқининг миллий ўзига хосликка бўлган интилишини бостириш мақсадида «совет режими томонидан режаланган ва шафқатсизларча амалга оширилган», дейилади резолюцияда. Украин деҳқонларининг «очликдан қутулиб қолмаслиги» учун «совет тузуми ғалла ҳосилини атайлаб мусодара қилгани ва чегараларни ёпгани» ҳақида далиллар мавжудлиги айтилади. 

Европарламент депутатлари, шунингдек, Россиянинг Украина билан жорий урушдаги ҳаракатлари - «унинг энергетика ва қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини йўқ қилиш, Украина ғалла экспортини тўсиб қўйиш ва миллионлаб тонна донни ўғирлаш» - оммавий сунъий очарчилик хавфини, айниқса, Украинадан дон етказиб беришга боғлиқ Африка мамлакатларида келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлашди.

СССР даврида содир этилган жиноятларга ўз вақтида халқаро ҳамжамият томонидан аниқ ҳуқуқий ва маънавий баҳо берилмагани, шунингдек, Россияда «тоталитар совет тузумини улуғлаш» мавжуд бўлганлиги сабабли РФ бугун «терроризмнинг ҳомийси ва террорчилик усулларидан фойдаланадиган давлат»га айланди, дейилади резолюцияда. 

Европарламент «тоталитар совет тузуми томонидан содир этилган геноцид акти Украина жамияти асосларига катта зарар етказди», деб таъкидлади. Европарламент депутатлари «хусусан, Россия Федерацияси ва Совет Иттифоқи парчаланиши натижасида тузилган бошқа давлатларни 1932-1933 йилларда Украинадаги сунъий очарчилик бўйича ўз архивларини очишга» чақирди. Европарламент депутатлари Россия «Совет Иттифоқининг ҳуқуқий вориси сифатида» нафақат Голодоморни геноцид деб расман тан олиши, балки «бу жиноятлар учун кечирим сўраши» керак, деб ҳисоблайди. 

Қарорда, шунингдек, «Россиянинг амалдаги режими томонидан тарихий хотирани манипуляция қилиш» ва «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Россия расмийлари томонидан ёпилиши фактлари ҳам қораланади. Шу муносабат билан Европарламент Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг давлат ва хусусий тузилмалари ҳамда фуқаролик жамиятини «жиноятчи режимлар» томонидан тарихий фактларни сохта маълумотлар ёрдамида бузиб кўрсатишга қаратилган барча уринишларини тўхтатишга чақирди.