Тадбир давомида Абдулла Абдуқодиров дастлаб Ўзбекистонда электр энергияси учун таърифларни ошириш борасида берилаётган таклифларга ўз муносабатини билдирди.

Унга кўра, бугунги кунда соҳа олдида нархларни оширишдан аввал қилинадиган “минг битта” иш бор ва буларни қилмай туриб нарх ошириш ҳеч қандай натижа бермайди.

“Иқтисодчи Отабек Бакиров электр энергияси учун таърифларни (нархларни) ошириш масаласини кўтарибди. Ҳозир Алишер Қодиров ҳам шу масалани кўтаргани учун ўз фикримни билдириб кетсам.

Мен иқтисодчи сифатида бунга бутунлай қаршиман. Чунки соҳанинг ичига кирсангиз, минг битта ҳал қилинмаган масалалар бор. Аввал шуларни ҳал қилиб, кейин таърифлар масаласини кўтариш керак.

Масалан, бизда ҳозир электр энергияси газни ёқиш орқали олинади. Лекин 1990 йилларнинг бошида совет иттифоқи “уч-уч-уч” номли тизим қилгандики, унга кўра, электр энергияси учдан бир ҳолатда мазут ёқиш, учдан бирида газ ва яна учдан бирида кўмир ёқиш орқали олинарди.

Лекин Валерий Атаев исмли вазиримиз ҳаммасини газлаштиришга ўтказган. Мазут ҳам, кўмир ҳам ўша пайтларда бир тийин эди. Қолаверса, ўзимизда чиқарди. Ҳозир бутунлай газга ўтирганмиз. Ҳозирги муаммолар ўшанда бошланган.

Хўп, бугун аҳолига нима учун фундаментал савол бермаймиз. Нима учун одамларга икки хил энергия беришимиз керак, бир хил энергия берсак бўларди-ку. Масалан, электр билан овқат пиширса ҳам бўлади, уй иситса ҳам бўлади. Европанинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, Францияда одамларга фақат электр энергияси берилади. Германияда ҳам худди шундай, электр берилади, газ берилмайди. Нима учун биз ҳамма жойга ҳамма энергияни етказиб беришимиз керак. Бу энергитлар учун фундаментал масала.

Иккинчидан, хўп, газ соҳаси асосий соҳа дейилган бўлса, унда қандай муаммолар бор?

Биринчидан, аввалроқ Ўзбекистон харитасига қарашганда асосий инвесторларга харитадаги шу бутун майдонларни бўлиб беришган. Бўлиб берилаётганда уларга инвестор бўлганинг учун асосий пулингни геология-разведкага ташлайсан деган шарт ҳам қўйилган. Кейин шу ердан газни қазиб олишинг ва уни олиб чиқиб кетишинг мумкин, дейилган.

Бу уларга геология-разведкага сарфлаган пулни компенсация қилиш учун айтилган. Лекин “инвесторлар” нима қилди? Бир сўмлик харажатини бизга ўн сўм дея кўрсатди. Масалан, бурғилаш ускунаси бутун инфраструктураси билан 2-2,5 млн доллар туради. Улар бизга худди шу инфраструктурани 6-7 млн доллар дея кўрсатди. Демак, улар Ўзбекистондан 6-7 млн долларлик газни олиб чиқиб кетаверди.