Эрон-Озарбойжон чегарасида ҳар икки давлатнинг йирик ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтди. Теҳрон ўз машғулотлари билан Бокунинг Жанубий Озарбойжон борасидаги позицияси ва оятуллоҳ режимини танқид қилувчи чиқишларига жавоб бермоқчи бўлди. Бироқ Туркия-Озарбойжон кучлари ҳам жавоб юришини амалга оширди. Яқинда Озарбойжон парламентида мамлакат номини Шимолий Озарбойжон деб ўзгартириш, бу орқали Эрон таркибида ҳам Озарбойжон ерлари ва миллати борлигини бутун дунёга билдириш таклиф қилинди. Озарбойжон замини қачон иккига бўлинган эди?

Ҳақиқий тарихий Озарбойжон — бу Жанубий Озарбойжон

Озарбойжон (Азербайжан) номи анча тарихий номдир. Бу номнинг илдизи милоддан аввалги асрларда ишлатилган Атропатене номига бориб тақалади. Расмий равишда бу номдан Аҳамонийлар даврида Атропатес шаклида, сатраплик (вилоят) номи сифатида фойдаланилган.

«Атропатес» ёки «Атропатане» номи қадимги форсчадан «олов билан ҳимояланган ер» маъносини беради. Ҳозирги Жанубий Озарбойжон ерларига тўғри келувчи ҳудуднинг бундай аталашига қадимги ривоятларга кўра зардуштийлик пайғамбари Зардуштнинг шу ерда туғилган деб ҳисобланиши (ҳозирги кунда олимлар бу борада турли хил фикрда) сабаб бўлган. Шунингдек, пайғамбар туғилган жой сифатида бу ерда кўплаб оташпарастлик ибодатхоналари бўлган ва уларда сўнмас оловлар ёқилган.

Шимолий ва Жанубий Озарбойжон

«Атропатане» номи вақт ўтиши билан aссимиляцияга учраб боради ва қадимги янги-форс тилида Ādharbādhagān ёки Ādharbāyagān деб атала бошланади. Бу ном эса кейинги асрларда ҳозирги Азербайжан шаклига келади.

Юқорида айтилганидек, қадимги Атропатене ва Атропес ҳудуди ҳозирги мустақил Озарбойжон ерларига эмас, балки Эрон Озарбойжони ерларига тўғри келади. Яъни Озарбойжон номи билан аталган ҳақиқий тарихий ҳудуд бу Жанубий Озарбойжондир.

Қадимги Атропатене ҳудуди

Туркийлашув ва давлатчилик

Жанубий Озарбойжон ерларига туркий халқлар Салжуқийлар даврида кенг кўламда кўчиб кела бошлайди. XI асрда бошланган туркий Озарбойжон халқи шаклланиши XV асргача давом этади.

Илк Озарбойжон давлатчилиги деб ҳисобланувчи Отабегилар давлати асосан Жанубий Озарбойжон ва Нахчивон ерларида ҳукмронлик қилган. Бу давлат таркибига Табриз, Ардебил, Ганжа каби шаҳарлар кирган. Машҳур ёзувчи, хамсачилик анъанаси бошлаб берган шоир Низомий Ганжавий ҳам шу даврда яшаб ўтганди.