Германия COVID-19 пандемиясининг тугашини расман тан олди.

Tagesspiegel хабарига кўра, мамлакат аҳолиси қишки касалликларнинг биринчи тўлқинини ишончли тарзда енгиб ўтади.

«Менинг баҳолашимга кўра, бу қишда биз коронавируснинг биринчи эндемик тўлқинини бошдан кечирмоқдамиз. Бу пандемия тугаганини англатади», деди «Charite Berlin» клиникаси вирусология бўлими бошлиғи Кристиан Дроссен. У Германия федерал ҳукуматидаги коронавирус масаласи бўйича кенгаш таркибига ҳам киради.

Унинг фикрича, қиш охирида аҳолида коронавирусга қарши иммунитет шу қадар кенг тарқалган ва барқарор бўладики, вирус ёзда оммавий равишда тарқалиб кетиши даргумон.

Хитойда авж олган COVID-19 тўлқинига баҳо бераркан, Дроссен асосий хато аҳоли орасида, айниқса кексаларда эмлаш ҳақида тўлиқ маълумот йўқлигида эканини таъкидлади.

«Германия ва умуман Европадаги эмлаш кампанияси пандемияга қарши курашда ҳал қилувчи қадам бўлди. Бундан ташқари, COVID-19 тарқалиши сабабли киритилган чекловлар мутлақо ўзини оқлади», деди вирусолог.