АҚШнинг 12 штатида экстремал об-ҳаво ҳақида огоҳлантиришлар амал қилмоқда.
АҚШ Миллий об-ҳаво хизматининг таъкидлашича, бундай кенг кўламли совуқ оқим кузатувлар тарихида биринчи марта юз бермоқда: деярли бутун мамлакат ҳудуди қишки бўрон остида қолган.
Қор бўрони шимолда Канададан жанубда Рио Гранде дарёсига қадар бўлган ҳудудни қамраб олган. АҚШ ва Канададаги аномал об-ҳаво шароити оқибатида камида 62 нафар инсон ҳалок бўлди.
Бўрон бир неча кун давом этган тартибсизликларга сабаб бўлди, аммо ҳозирда электр энергияси таъминоти аста-секин тикланмоқда.
Associated Press нашри хабарига беришича, 18 декабрь куни тушдан кейин 200 мингдан камроқ истеъмолчи электрсиз қолган, бу сон бўрон авжига чиққан пайтда 1,7 миллиондан кўпроқни ташкил қилган.
Синоптикларнинг сўзларига кўра, қор бўрони («циклон бомбаси» ёки портловчи циклон деб ҳам аталади) яқин кунларда сусайиши кутилмоқда. Бироқ бўрон остида қолган ҳудудлар аҳолисига, агар зарурат бўлмаса, сафарларга чиқмаслик тавсия этилган.
Энг трагедик вазият Нью-Йорк штати, хусусан, Буффало шаҳрида кузатилган. Кўплаб қор бўрони қурбонлари айнан шу шаҳардан.
Штат губернатори Кети Хокулнинг сўзларига кўра, Буффало шаҳри жанговар ҳаракатлар зонасига ўхшаб қолган.
Буффалода об-ҳаво билан боғлиқ 28-ўлим қайд этилди. Бу АҚШдаги иқлим билан боғлиқ ўлимларнинг тенг ярми. Шаҳардаги 4 минг аҳоли электр энергиясиз қолган. Ҳозирча нега айнан бу шаҳар циклонга кам тайёргарлик кўргани номаълум.
«Бу она табиат билан уруш ва у бор қуроллари билан бизга ҳужум қилмоқда», дейди штат губернатори.
Ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги йўл-транспорт ҳодисаси қурбонлари. Кескин об-ҳаво шароити туфайли йўллардаги вазият анча мураккаблашган.
Кети Хокулнинг таъкидлашича, Буффало аҳолиси ҳаёт учун хавфли вазиятга дуч келган, чунки кўплаб тез ёрдам машиналари энг кўп ариза тушган ҳудудларга етиб бора олмаган ёки ўзлари қор остида қолиб кетган.
АҚШ президенти Жо Байден 26 декабрь куни Нью-Йорк штатига федерал ёрдам кўрсатишга рухсат берувчи фавқулодда ҳолатни тасдиқлади.
«Менинг юрагим ушбу дам олиш кунларида яқинларини йўқотганлар билан», деб ёзган АҚШ президенти ўз Twitter саҳифасига.
Дам олиш кунлари гарчи кейинчалик мунтазам таъминот тикланган бўлса-да, 250 мингга яқин уй ва корхоналар электр таъминотида узилишлар кузатилган.
















