29 декабрь куни президент Халқаро конгресс марказига борди. У ерда бошланғич синфлар учун ишлаб чиқилган янги авлод дарсликлари тақдимоти билан танишиб, бир гуруҳ педагоглар билан учрашди. Тадбир давомида давлат раҳбари таълим соҳасидаги муаммоларни эслатиб, бу борада 2023 йилда кўплаб қарор, фармонлар чиқишини, қилинадиган ишлар кўплигини маълум қилди. Kun.uz учрашувда тилга олинган энг муҳим янгиликларни бир видеога жамлади.
Дастлаб тадбирда сўнгги 5 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида гапирилди, янги дарсликлар 1 январдан тажриба-синов тарзида мактабларга жорий этилиши маълум қилинди.
“Агар сўнгги 5 йиллигимизни, биргаликда ишлаганимизни инобатга олсак, биз мингта мактаб қурдик, бундан олдинги даврда бунинг 30 фоизини ҳам қилмаган эдик. Агар битта рақамда айтсак, 2022 йилда мана шу масалаларга 14 трлнга яқин пул бердик. Яқин 5 йил ичида яна 1 млн 200 мингта ўрин ташкил қиламиз. Бу ҳам ўзидан ўзи бўлмайди. Мактабларни қураверамиз, лекин унинг ичидаги муаллимларни ҳам тайёрлаш керак.
2023 йил 1 январдан бошлаб республиканинг 14 та ҳудудидаги мактабларда янги дарсликларни жорий этиш бўйича эксперимент бошланяпти, 1 сентябрдан эса 10 мингтасида бошланади. Сизларга бу нарсалар маъқул келяпти, тўғрими? Албатта, бу – биринчи қадамларимиз. Буларни борган сари сизлар ҳам такомиллаштирасизлар, бизнинг ҳам кенгашлар ўтириб, такомиллаштиради”, – деди президент.
Унинг айтишича, яқинда 14 та ҳудудга тажриба тарзида жорий этилаётган дарсликлардан кейинги босқичларда 5–11 синфлар учун ҳам ишлаб чиқилади. Шунингдек, президент ўқитувчиларнинг обрўсини кўтариш кераклиги ҳақида ҳам гапириб ўтди.
“Ҳозир фарзандларимиз ўзлари талаб қилишяпти: “Бизга кечаги таълим эмас, сифатли таълим керак”, – деяпти. 590 минг нафар муаллим ва мураббийларга мурожаат қилмоқчиман, фақат сизлар… Энг қиммат ва энг катта бойлигимиз – фарзандларимизни устозларга топширамиз. Агар ҳар биримиз ўзимиз, фарзандларимиз, невараларимизнинг эртанги кунини қолдирамиз десак, фақат ва фақат муаллимнинг обрўсини кўтаришимиз, фақат ва фақат уларнинг шароитини яратишимиз керак. Кўп миллатли Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзандларини менинг фарзандим, эртанги кунимнинг пойдевори, замини – деб тарбия қилсак, албатта, биз натижага эришамиз”, –
















