Жаҳон | 12:52 / 02.01.2023
9372
2 дақиқада ўқилади

Кличко Германияни Украинага Leopard 2 танкларини беришга чақирди

Киев мэри Виталий Кличко Германияни ўз мамлакатига Leopard 2 танкларини етказиб беришга чақирди.

Leopard 2 танклари / Фото: Getty Images

«Бундай турдаги танклар бўлмаса, Украина учун кейинги ҳудудларни қайтариб олиш жуда қийин бўлади», деб ёзди Кличко Германиянинг Bild am Sonntag ҳафталик газетасининг меҳмонлар учун рукнида. 

Шу билан бирга, у Кремлнинг Украина пойтахтини босиб олишга янги уринишлари эҳтимолини истисно этмади ҳамда Россияда ҳамон сафарбарлик давом этаётганини эслатди. 

«Киев Москва учун мақсад бўлган ва шундай бўлиб қолади», деди Виталий Кличко.

Бундан олдин Киев мэри Виталий Кличко Украина президенти Володимир Зеленскийнинг «Енгилмас нуқталар» – иссиқлик ва электр қуввати бўлган, электр қуввати ўчганда келиш мумкин бўлган жойларнинг ёмон жойлаштирилаётгани ҳақидаги танқидини хато деб атаганди. 

Шу билан бирга, Кличко президентни «қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятларни ишга солишга» чақириб, уруш «сиёсий ўйинлар вақти эмас»лигини таъкидлади. Бу ҳақда Украина пойтахти мэри Der Spiegel журналига берган интервьюсида маълум қилди.

«Бизда Киевда бошқа вилоятларга қараганда кўпроқ, яъни 500 та иссиқлик пунктлари мавжуд. Биз уларга давлат томонидан ҳеч қандай ёрдамсиз генераторлар топдик. Зеленскийнинг танқиди хато бўлди. Агар фуқароларимиз ёки хориждаги ҳамкорларимиз уйда душман излаётганимизни кўрсалар, бу тескари бўлади. Энди фақат битта байроқ бор, у кўк-сариқ рангда», деди Кличко.

Мавзуга оид