Кличко бу ҳақда AFP агентлигига берган, 8 октябрда эълон қилинган интервюсида гапирган.

«Шаҳримизга ҳужумлар кучаяётгани сабабли ҳар куни вайрон бўлган бинолар, яраланган ва ҳалок бўлган одамлар ҳақида янги хабарлар келмоқда. Бугун гап омон қолиш ҳақида кетмоқда», — деган мэр.

Унинг тавсияси, аввало, Киевдан ташқарида вақтинча яшаш имконияти бор фуқароларга қаратилган.

Сув таъминоти узилиши йирик инқирозга олиб келиши мумкин

Кличко Россия ҳужумлари оқибатида сув таъминоти тизими ишдан чиқса, пойтахтда кенг кўламли инқироз юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Шу билан бирга, у барча аҳолини шаҳардан чиқиб кетишга чақирмаётганини айтган. Мэрнинг фикрича, Украина шаҳарларининг бўшаб қолиши Россия президенти Владимир Путин манфаатларига хизмат қилади.

«Путин учун энг яхши сценарий — ҳаммамиз кетиб, бўш шаҳарларимиз ва бутун мамлакатимизни унга қолдиришимиз», — деган Кличко.

Киев қишга қандай тайёрланмоқда?

Мэрнинг маълум қилишича, шаҳар маъмурияти қишга тайёргарлик доирасида захира иситиш тизимларини барпо этмоқда. Шунингдек, ёнилғи, озиқ-овқат ва ичимлик суви захиралари тўпланмоқда.

Бироқ Кличко тайёргарликнинг ўзи барча хавфларни бартараф эта олмаслигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбаларни қайтара олмаса, шаҳар оғир вазиятга тушиб қолиши мумкин.

Ҳужумлар инфратузилмага ҳам қаратилмоқда

DW хабарига кўра, сентябрда Россиянинг Киевга ҳужумлари кучайган. Октябр бошида эса Днипро дарёси орқали шаҳарнинг ўнг ва чап соҳилларини боғлайдиган кўприкларга ҳам зарбалар берилган.

Ҳужум нишонлари орасида энергетика, алоқа ва темирйўл инфратузилмаси объектлари ҳам бор.

Украина президенти Володимир Зеленский 3 октябрда Россия ҳаво ҳужумлари орқали аҳолини Киев ва бошқа йирик шаҳарларни тарк этишга мажбурлашга уринаётганини айтган.