Талабанинг кундалиги: “Контрактимни тўлаган номаълум одам”
Контракт тўлашга бир сўм пулим йўқ, онамга қараётган врач ёзиб берган дорилар учун ҳаракат қилишим керак эди. Ўйлай-ўйлай ўқишдан академик таътил олишга қарор қилдим. Таътил олиш учун ариза ёзишга борганимда менинг ўқишим учун шартнома олиб кетишганини ва бир йиллик пул тўланганини билиб ҳайратда қолдим. Адашмовчилик бўлгандир, деб қайта-қайта текширтирдим – ҳақиқат!
“Ҳаётий ҳикоялар”да олийгоҳда таҳсил олиш билан бирга ҳаётнинг ҳам олий таълимотини олган собиқ талабанинг ҳикояси билан танишинг.
“Бундан 10 йил аввал талаба бўлдим. Унгача энг катта орзум шу эди, 3 йил ўқишга киролмадим, жуда қаттиқ тайёрландим, уйқу нималигини билмадим. Лекин ўқишга кирди дегани – ҳамма орзуга эришдинг, энди буёғи хотиржам яшайсан, дегани эмаслигини ўқишга келиб билдим. Ётоқхонадан жой тегмаган, еб-ичишга кетаётган пулнинг таги кўринган. Ўта тежамкорлик билан ишлатсам-да, етказиб бўлмаяпти. Отам уйимиздаги иккита сигирнинг биттасини сотиб пулини жўнатди. Ўзим ҳам иш қидира бошладим. Мардикор бозорда ишладим, қоровуллик қилдим. Олий таълим олиш дегани фақат диплом билан боғлиқ эмас экан. Бу даврда олган сабоқларинг ҳаётингни, дунёқарашингни ҳам тубдан ўзгартириб юбориши мумкин экан.
Иккинчи курсга ўтганимда онамнинг мазаси қочганини эшитдим. Шифокорлар унинг жигарида муаммо борлигини, циррозга айлана бошлаганини, астойдил даволаниш кераклигини айтишди. Бошимизга тоғ ағдарилгандай эди. Уйдаги ҳамма нарсамизни сота бошладик, отам онамнинг дори-дармони учун ўзини ўтга-чўғга урарди. Бу вазиятда менинг ўқишим учун контракт тўлаш қийин масала эди. Уларнинг аҳволини кўриб, кўпроқ пул топишим кераклигини ўйладим.
Онамни пойтахтдаги шифохонага ётқиздик. Уйда қўлга илинадиган ҳеч нарсамиз қолмади. Отам ноиложликдан Россияга ишлагани кетди. Иккита синглимни ҳам ёнимга олиб келдим. Бахтимга катта бир ресторанда иш топилди. Фақат кечаси ишлаш керак эди. Лекин яхши пул тўлашади, устига устак яхши овқатланаман. Очиғи овқатланиш учун ҳам пулни тежашга мажбур мендай одам учун бу яхши таклиф эди. Сингилларим онамдан хабар олишади, дориларни ўзим етказаман. Ўқишдан чиқиб ишга бораман ва тонг саҳарга яқин ижара уйга қайтаман. Бир ойда уйқусизликнинг асорати сезила бошлади. Ухлаб қолиб ўқишга кечикиш, дарсларда ухлаб қолиш одатга айланди. Табиийки, бу ўқитувчиларимга ёқмасди. Танбеҳлар, огоҳлантиришлар эшита бошладим.
Ўқитувчиларимиз орасида бизга дарс берадиган жуда билимли, аммо талабчан профессор ҳам бор эди. Кўринишидан калондимоғ, лекин соҳасининг ўткир илмли мутахассиси бўлгани учун ҳаммамиз ҳурмат қилар, ҳайиқар, гап эшитмасликка ҳаракат қилар эдик. Бир куни шу домланинг дарсига кеч қолдим. Узр сўраб киришим билан наштардай ботадиган сўзлар билан қарши олиндим.
“Баъзиларингиз ўқиш билан бирга ишлашингизни ҳам биламиз. Лекин бу ерга сизларни ота-онангиз ўқиш, яхши мутахассис бўлиш учун юборган. Шунинг учун ҳар қандай шароитда ҳам ўқишни биринчи ўринга қўйишингизни сўрайман. Бугун ўрганилмай қолган қайсидир маълумот қачондир сизга ўта зарур факт бўлиши мумкин эди. Ўз кучингиз билан университетга кирдингизми, энди шу билимни увол қилишга ҳаққингиз йўқ” деди. Уйқусизлик, чарчоқ, тинимсиз ташвишлардан чарчаб турганим учунми билмадим, унга қўполлик қилдим. Бир нафас аудиторияда пашша учса эшитиладиган жимлик содир бўлди. Ўқитувчимиз жаҳли чиқса ҳам вазминлик билан ўтиришимга рухсат берди.
Россияда ишлаётган отам ҳар ойда оз бўлса-да пул юбора бошлади. Лекин у ернинг қиши қаттиқ бўлгани учунми, ёки ёши ҳам ўтиб бораётган отамнинг кучи қолмадими – билмайман, у ерда қаттиқ шамоллаб касал бўлиб қолди. Энди хаста ётган онам билан мусофирчиликда бетоб отамни ўйлаб юрагим эзилар эди. Шу ташвишлар билан бўлиб ўқишга контракт тўлови кечикиб кетганини ҳам билмабман. Қайта-қайта огоҳлантиришганидан кейин ўйласам айни пайтда буни тўлашга бир сўм пулим йўқ, онамга қараётган врач ёзиб берган дорилар учун ҳаракат қилишим керак эди. Ўйлай-ўйлай ўқишдан академик таътил олишга қарор қилдим. Чунки ҳозир ота-онамнинг ҳаётидан катта ташвиш ўйлантирмасди мени. Буни уларга айтмасликка, кейинчалик ўқишимни тиклаб олганимда бохабар қилиш фикрида тўхтадим. Таътил олиш учун ариза ёзишга борганимда менинг ўқишим учун шартнома олиб кетишганини ва бир йиллик пул тўланганини билиб ҳайратда қолдим. Адашмовчилик бўлгандир, деб қайта-қайта текширтирдим – ҳақиқат. Суриштириб шартнома қоғозини ўша мен гап қайтарган ўқитувчимиз олганини билганимда эса ундан баттар аҳволга тушдим. Бир қилган ишимдан уялсам, бир аёл киши мен учун пул тўлаганига ғурурим ерга урилгандай ҳис қилдим ўзимни.
Жаҳл устида домламнинг олдига бордим. Унинг садақасига зор эмаслигим, ўзимни эплашим, бировнинг ёрдамига қараб қолмаганим...Хуллас айтмаган гапим қолмади.
“Мен бировга шунча миллион сўм садақа берадиган одам эмасман. Ойликка кун кўраман. Бу пул сенга қарз. Ўқишинг қолиб кетмаслиги учун. Ўқишни битириб иш бошлаганингдаёқ бу пулни қайтариб берасан. Менга эмас, кимга беришингни айтаман, олиб бориб берасан. Ҳозир эса ўқишинг шарт, чунки пул тўланган”, деди опа яна ўша вазминлик билан.
Ҳайрат, хижолат – тушунарсиз туйғулар ичида ўқишга кетдим. Бир томондан “майли қарз экан-ку, балки қўшиб қайтарарман”, деб ўзимга таскин берардим. Отам соғайиб ишга чиқиб кетдилар. Хабар олгани борганимда шифокор онамга жуда яхши қараганимизни, ҳар қанча қиммат бўлмасин дориларни ўз вақтида етказиб турганимиз учун яқин орада бутунлай соғайиб кетишини айтганда йиғлаб юбордим.
Елкамда шундай масъулият турардики, энди ўқишим биринчи планга чиққан эди. Қолиб кетган дарсларимни ўзлаштиришим, яхши мутахассис бўлишга эришишим керак эди.
Ишга кириб маош олгунимча шу ҳис мендан кетмади. Тезроқ елкамдаги юкдан халос бўлишим кераклигини ўйлардим. Илк олган маошларимни тўпладим ва ўша контрактим учун тўланган пулдан сал кўпроқ қилиб устозимнинг олдига бордим. Ўзимни исботлаганим учун бўлса керак бошқача ғурур, бошқача фахр билан кетаётган эдим.
Устозимни кафедрадан топдим, менга пул тўлаган одамдан қарзимдан қутулиш учун келганимни айтдим. Гап орасида ўшанда мен қўполлик қилсам ҳам менга яхшилик қилганини сўрадим.
“Сен ўқишга ўз кучинг билан кирганингни, қандай ўқишингни ҳам биламан. Охирги вақтда ўқишга кеч қолиш, хаёлинг жойида эмаслигини сезгандим. Кейин суриштирсам курсдошларинг онанг касаллиги, отанг узоқдалиги, кечаси билан ишлашингни айтишди. Баъзида ўқишни истайдиган, аммо моддий шароити туфайли бунга қийналаётган талабаларга ёрдам бериб турадиган таниш-билишлар бор. Шуларнинг биридан илтимос қилдим ва контракт тўловинг тўланди. Сен ғурурли йигит эканлигингни билганим учун буни қарз дедим. Бор-йўғи шу. Мана ҳозир қўнғироқ қилиб бераман, ўзинг гаплашасан, қаерга, кимга деса олиб бориб берасан пулни” деган жавобни эшитиб, уятдан ерга кириб кетай дедим.
Устоз телефонидан ўша яхши инсонга телефон қилиб берди. Гўшак кўтарилиши билан шоша-пиша салом бериб, раҳмат айтдим. Менга жуда катта яхшилик қилгани, энди қарзимни қайтармоқчилигимни, айтган жойига етиб боришимни маълум қилдим.
“Аввало, ўқишни тугатиб иш бошлаганингиз билан табриклайман. Битта бўлсаям ўқимишли, билимли инсон жамиятимизга қўшилса савоби ҳаммамизга тегади. Аслида бу савобнинг эгаси кўп. Истасангиз сиз ҳам ҳозирнинг ўзида савоб эгасига айланишингиз мумкин. Хоҳлайсизми шу ишни қилишни?” деди нариги томондан эшитилаётган овоз.
Жон деб бундай ишга бош қўшишимни, лекин ҳозир менда бундай имконият йўқлигини билдирдим.
“Имконинг бор. Қўлингдаги пул – сеники. Мен уни кечиб берганман. Лекин ҳозир кимдир шу пул туфайли ўқишини ташлаётган ёки умуман ўқиёлмаётган бўлиши мумкин. Қиладиган ишинг – шундай одамни топасан ва унга ёрдам берасан. Иста ўзига билдириб, иста билдирмай. Агар йигит киши бўлса қарз деб берсанг қачондир савобталаблар сони яна биттага ошиши ҳам мумкин. Тушундинг-а, нима демоқчилигимни...
Вақти келиб у билан ўртангизда ҳозиргидек суҳбат такрорланиши мумкин. Фақат унда сен менинг ўрнимда бўласан. Унутма, бир пайтлар мен ҳам сенинг ўрнингда бўлганман. Битта олий маълумотли кўпайса, яхшилик қилишни истаганлар кўпайса, бизнинг савобларимиз ҳам кўпаяверади” деди.
Суҳбатдан ҳангу-манг бўлиб, бу одамнинг кимлигини ҳарчанд сўрамай опа айтолмаслигини, у хафа бўлишини айтди.
Ўша одамга жуда ҳавасим келди. Қачондир унинг ўрнида бўлишни, занжирни давом эттиришни хоҳладим. Профессор устозим билан бирга муҳтож талабаларни суриштириб контракти учун ўша пулни ўтказдик. Бу билан ишимнинг ярми битгандай эди гўёки. Вақт ўтиб у ҳам қайтармоқчи бўлганида эса ёдимда муҳрланган ўша гаплар билан жавоб қайтарганимда елкамдаги вазифани адо қилгандай енгил ҳис қилдим ўзимни”.
Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
13:27 / 03.10.2024
«Дўстимнинг ўлимига сабабчи бўлганман» – «авария» содир этган йигитнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
18:30 / 01.10.2024
“Киевда танишганмиз” — 75 ёшида инглиз тилида гаплаша оладиган нуронийлар ҳикояси
18:18 / 20.09.2024
Она дуосини олмаган кишининг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
13:43 / 12.09.2024