Ўзбекистонда авариялар ва уларнинг аянчли оқибатлари билан боғлиқ даҳшатли рақамлар йилларки салбий кўрсаткичларини ўзгартирмай келмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, йигирма йиллардан ошиб ҳам, мамлакатимизда ҳар ўн мингинчи одам авариялар сабаб ҳалок бўлмоқда. Ижобий ўзгариш йўқ.

Йўл ҳаракати фаоли, адвокат Камолиддин Бахавадиновга кўра, ЙТҲларнинг кўп содир бўлишига асосан 3 иштирокчи айбдор:

“Бугунги кунда асосий айбдорлар сифатида 3 та фигурантларни санаган бўлардим. Улар қотил йўл инфратузилмаси, қотил ҳайдовчилар ва ўз тақдирига бефарқ йўловчилар. Мана шу уч иштирокчи даҳшатли статистикани “безаб” беряпти. “Қотил йўл инфратузилмаси” одамлар қоидага амал қиладими-йўқми, барибир уларнинг ўлимига сабаб бўлади. “Қотил ҳайдовчилар” – йўлдаги барча қонун-қоидаларни инкор этадиган, қоидалар уларни бузиш учун яратилган деб ҳисобловчилар. “10 та жоним бор, менинг ҳаётим кафолатланган. Мен ўлимдан суғурталанганман” қабилида белгиланмаган йўллардан қўрқмасдан кесиб ўтувчилар эса юқорида тилга олинган ўз ҳаётига бефарқ йўловчилардир”.

 Камолиддин Бахавадинов, Фото: Kun.uz

2022 йилнинг ўзида икки юз мингдан ортиқ ҳамюртларимиз вафот этган бўлса, шулардан икки мингга яқини айнан йўл-транспорт ҳодисаси сабабли оламдан ўтган. Бу эса ҳар юзинчи ўлим авария туфайли деганидир. Ижобий ўзгариш деярли сезилмаяпти.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, 2022 йилнинг дастлабки олти ойида содир бўлган ЙТҲларнинг 45 фоизига йўл инфратузилмасининг, яъни пиёдалар йўлакчаси, велойўлаклар, йўл тўсиқлари-ю ёриткичларнинг яхши ташкил этилмагани сабаб бўлган. Қолган 55 фоизи белгиланган тезликка амал қилмаслик, ҳайдовчининг тажрибасизлиги, оралиқ масофани сақламаслик, пиёдаларга йўл бермаслик ва шу каби сабаблар билан юз берган.