00:07 / 08.01.2023
25487

Туркманистонда президентнинг янги портрети учун бюджет ходимларидан пул йиғилди 

Умумий харажатлар 180 долларни ташкил қилгани айтилмоқда. 

Фото: Turkmenportal

Туркманистоннинг Болқон вилоятида давлат хизматчиларига президент Сердар Бердимуҳамедовнинг янги портрети учун 60 манат, ушбу портрет остига қўйиладиган туркман гилами учун 100 манат, «Арқадаг ва Сердар билан бахтиёр ёшлар йили» шиори ёзилган плакатлар учун 50 манат, журнал ва газеталарга обуна бўлиш учун 100 манат (жами 310 манат ёки тахминан 180 доллар) пул топшириш мажбурияти юкланди. Бу ҳақда «Радио Азатлиқ» хабар берди. 

Маҳаллий амалдор сўзларига кўра, «хайрия акцияси» таълим, соғлиқни сақлаш ва полиция ходимлари учун ўзига хос «янги йил совғаси» бўлган. Давлат хизматчилари бундай мажбурий харажатлар даромадларининг тахминан 20 фоизини ташкил қилишини айтишган. 

Аниқлик киритилишича, одамлар 8 январгача тўловларни амалга ошириши шарт. Шу билан бирга, 9 январгача гиламлар, портретлар ва шиорлар осиб қўйилиши керак. 

Туркманистон муассасаларида президент портрети, иқтибослари ёзилган плакатлар, шиорларни осиб қўйиш амалиёти биринчи президент Сапармурат Ниёзов давридан бери давом этиб келмоқда. Ушбу чоралар давлат хизматчилари, ўқувчилар ва талабалар ҳисобидан амалга оширилади. 

Мамлакат бўйлаб шиорлар одатда бир марта, президент портретлари эса йилига камида икки марта ўзгаради. Бу тадбирлар давомида портретда президент кийими ёки сочининг ранги ўзгариши, баъзан эса унинг суратида ўзгаришлар бўлиши мумкин. 

Бундан ташқари, давлат хизматчилари йилига икки марта газета ва журналларга обуна бўлиши шарт. 

Top