Ўзбекистон | 13:24 / 10.01.2023
7985
2 дақиқада ўқилади

“Президентнинг Учтепага ташрифида уялиб қолдик” – Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъулларни яхмалакларни тозалашга чақирди 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги  вазирлиги коммунал соҳа масъулларини кўп қаватли уйлар кириш йўлакларини яхмалакдан тозалаш, қумли ва тузли аралашмаларни вақтида сепишга чақирди. 

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги  вазирлиги коммунал соҳа масъуллари, бошқарув органлари бошқарув компания раҳбарлари, ширкатлар раҳбарлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари барча масъулларига мурожаат билан чиқди. 

“Барчангизга талабимиз ва топшириғимиз бўлади: 40 мингдан ортиқ кўп қаватли уйларда 5 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ҳавонинг кескин пасайиши ва қор ёғишини эътиборга олиб, ҳар битта кириш йўлаклари эшигининг ёпилишига, тузли, қумли аралашмалар вақтида сепилишига ва тозалашга қаттиқ эътибор беришимиз, барча чораларни кўришимиз керак. Президентимизнинг Учтепа туманига ташрифида уялиб қолдик, кириш йўлакларининг тозаланмагани, яхмалак бўлиб ётганидан бизга қаттиқ эътироз бўлди. Бундай нохуш ҳолатлар бўлмаслиги учун ҳаво ҳароратининг кескин пасайишида биз коммунал соҳа масъуллари масъулият билан ёндашишимиз керак”, – деди вазир ўринбосари Озода Жўраева. 

У масъулларни аҳолидан тушаётган диспетчерлик авария ҳолатларига тезкорлик билан чора кўришга чақирди. 

Шунингдек, вазир ўринбосари барча ишчиларни иссиқ чой, овқат, иссиқ оёқ-кийим билан таъминлаш кераклигини қўшимча қилди. 

Аввалроқ, Энергетика вазирлиги аномал совуқ даврида энергияни тежашга чақириб, мурожаат билан чиққанди

Энергетика вазирлиги 10-15 январ кунлари давомида кузатиладиган совуқда кўриладиган чоралар ҳақида маълумот берди. Газ шохобчаларига чекловлар сақланиб қолиниши ва йирик газ истеъмолчиларининг истеъмоли камайтирилиши айтилди.

Мавзуга оид