“Тошкент шаҳар жамоат транспорт тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ, пойтахтнинг 10 та марказий кўчасида давлат-хусусий шериклик асосида пулли тўхташ жойлари ташкил этилиши кўзда тутилганди. Рўйхатга Фидокор, Амир Темур, Нукус, Братислава, Миробод, Глинка, Авлиёота, Т.Шевченко, Саид Барака, Моштабиб, Якуб Колас кўчалари киритилган.
Тошкент шаҳар ҳокимининг 2022 йил 29 декабрдаги қарори билан юқоридаги кўчаларда пулли тўхташ жойларини ташкил этиш “Kasy Park” МЧЖга топширилган.
Маълум бўлишича, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ва “Kasy Park” ўртасида тузилган ДХШ шартномасини 22 август куни рўйхатга олган. Лойиҳа қиймати – 9,732 млрд сўм. Шартнома муддати – 10 йил.
Келишувга кўра, белгиланган кўчалардаги йўл бўйи жойлари паркомат ва электромобилларни қувватлаш қурилмаларини ўрнатиш учун “Kasy Park” МЧЖга ижарага берилган. Корхона бу жойларда капитал, енгил турдаги бино-иншоотларни қуриш ва бошқа турдаги ёрдамчи қурилмаларни ўрнатмаслик мажбуриятини олган.
Уч ой муддатда пулли тўхташ жойларининг электрон платформаси ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати “Маъмурий амалиёт” ахборот тизимига ҳамда “Рақамли Тошкент” комплекс дастурига интеграция қилиниши белгиланган.
“Kasy Park” МЧЖ 2018 йил 7 мартда Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури – ёғоч, қурилиш материаллари ва санитария-техник воситаларнинг улгуржи савдоси. Устав капитали 10 млн сўм. Компаниянинг 60 фоиз улуши Фозилов Миродил Ниғматжон ўғлига, 40 фоиз улуши “Old Folk” компаниясига тегишли. Раҳбари – Султонхўжаев Сарвар Анвар ўғли.










