Жамият | 17:57 / 11.01.2023
18367
5 дақиқада ўқилади

Умра визалари муддати 30 кундан 90 кунга узайтирилмоқда

Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазири доктор Тавфиқ ар–Рабиъа ҳожиларга хурсандчилик хабарини эълон қилиб, ҳожилар сони коронавирус тарқалишидан олдинги ҳолатига қайтарилишини билдирди.

Ҳаж ва Умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон ар–Рабиъа мусулмонларни хурсанд қиладиган хабарни очиқлаб, ҳожилар сони шартларсиз ёки ёшни чегараламаган ҳолда, 1444 ҳижрий йилги Ҳаж мавсумида коронавирус тарқалишидан олдинги ҳолатига қайтарилишини маълум қилди. Шунингдек «Эспо ал-Ҳаж» Ҳаж ва Умра хизматлари конференцияси ва кўргазмаси очилиши маросимида умрачиларни тўла суғурта қилиш тўловлари 88 риёл (тахминан 23,5 АҚШ доллари)га ва ҳожиларни суғурта қилиш тўловлари 29 риёл (тахминан 7,73 АҚШ доллари)га пасайтирилишини ҳам билдирди.

Вазир подшоҳлик Маккадаги ҳарамни кенгайтиришга алоқадор инфраструктурани бунёд этишга жами 200 млрд. риёл (тахминан 53,33 млрд. АҚШ доллари)дан зиёд маблағ сарфлаганини кўрсатиб ўтди. Бу тарихдаги энг катта қурилиш лойиҳасига айланди.

Пайғамбаримиз ҳарамларини кенгайтириш ва муқаддас қадамжолар (Мино, Арафот ва Муздалифа)ни ривожлантиришга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда. Шунингдек, Қубо масжидини ривожлантиришдек йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бунда энг муносиб халқаро меъёрлар асосида инфраструктураси ривожлантирилмоқда. Жойлар сонини ошириш йўлида транспорт тизими ва логистика хизматларидаги ҳамкорлари ва уларнинг ҳамкорлари билан ишланган. Жумладан, Раҳмон меҳмонларига хизмат кўрсатадиган Подшоҳликдаги энг катта аэропорт, яъни Жиддадаги Подшоҳ Абдулазиз номидаги халқаро аэропорт бунёд этилди. Қурилиш ишларига 40 млрд. риёл (тахминан 10,67 млрд. АҚШ доллари)дан зиёд маблағ сарфланди. Макка ал–Мукаррама ва Мадина ал–Мунавварани боғлайдиган Икки муқаддас масжид темирйўли қурилишига 64 млрд. риёл (тахминан 17,07 млрд. АҚШ доллари)дан зиёд маблағ ишлатилди.

Мазкур темирйўл сафар вақтини икки соатга камайтирди. Авваллари йўлга 6 соатдан кўпроқ вақт кетарди.  

Доктор Тавфиқ бин Фавзон ар–Рабиъа Ҳаж ва Умра вазирлиги Раҳмон меҳмонларига кўрсатиладиган хизматларни доимий равишда ривожлантириш ва босқичма–босқич тажрибаларни яхшилашга саъй–ҳаракат қилаётганини кўрсатиб ўтди.

Шу доирада вазирлик умрачиларни тўла суғурта қилиш тўловларини 63 фоизга, яъни 235 риёл (тахминан 62,67 АҚШ доллари)дан 88 риёл (тахминан 23,5 АҚШ доллари)га  пасайтирди. Ҳожиларни суғурта қилиш тўловлари эса 73 фоизга, яъни 109 риёл (тахминан 29,07 АҚШ доллари)дан 29 риёл (тахминан 7,73 АҚШ доллари)га камайтирилди. Бу подшоҳлик хизматлар сифатини ошириш ва улардан баҳраманд бўлишни енгиллаштириш, Макка ал–Мукаррама ва Мадина ал–Мунавварага ҳожилар ва умрачилар етиб боришларини осонлаштиришга қаратилган саъй–ҳаракатларидан далолат беради.   

Ҳаж ва Умра вазири жорий йилдан эътиборан Ҳаж бўйича барча делегациялар подшоҳликда фаолияти рухсат этилган ҳар қандай ширкат билан битимлар имзолаши мумкинлигини билдирди. Бунда ўнлаб йиллардан бери бутун дунёдаги ҳар бир делегацияга фақатгина муайян бир ширкатлар билангина битимлар тузишга рухсат этилганди. Шу йўл билан вазирлик делегациялар билан бир ширкат эмас, турли ширкатлар битимлар имзолаши учун ширкатлар ўртасидаги рақобат учун йўл очиб берди.    

Вазир ҳожилар сони ёшни чегараламаган ҳолда, коронавирус тарқалишидан олдинги ҳолатига қайтарилиши хушхабарини эълон қилди. Ҳожилар ва умрачилар сафарларини мазмунан бойитиш йўлида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазратлари ва уларнинг муҳтарам саҳобалари ҳаётларига алоқадор 20 дан ортиқ кўргазма ва 100 дан зиёд тарихий жойларни жиҳозлаш ишлари бошлаб юборилганини ҳам қайд этди.

Доктор Тавфиқ бин Фавзон ар–Рабиъа умрачиларга бир қатор енгилликлар берилишига эътиборни қаратиб, улар Умра визаси билан подшоҳликнинг барча ерларига боришлари учун имконият яратилганини билдирди. Айни вақтда бошқа турдаги визаларни олганларга Умра маносикларини адо этишга рухсат берилишини кўрсатиб ўтди. Шунингдек Умра визалари муддати 30 кундан 90 кунга узайтирилмоқда. Бошқа томондан «Нусук» платформаси ишга туширилиб, 24 соат ичида электрон виза олиш имконияти яратилди. Ҳаж хизматлари конференцияси ва кўргазмаси Подшоҳликдаги энг йирик шундай тадбир ҳисобланади. Унда Раҳмон меҳмонлари сафарларига енгилликлар бериш учун Подшоҳлик ичкариси ва ташқарисидаги мавзуга алоқадор барча шахслар тўпланди. 

Мавзуга оид