10:15 / 14.01.2023
8605

Россия ёлланма аскарларнинг Соледар учун жангдаги иштирокини тан олди

Соледардаги ҳужумни «Россия қўшинларининг хилма-хил гуруҳлари» бошқарган, аммо «шаҳар мавзеларига тўғридан тўғри ҳужум қилиш» вазифаси «Вагнер ХҲК ҳужум отрядлари кўнгиллиларининг жасоратли ва фидокорона ҳаракатлари билан муваффақиятли амалга оширилган», деб маълум қилди Россия Мудофаа вазирлиги.

Фото: Picture Alliance

Бир неча соат олдин, Соледар Россия авиацияси, артиллерия ва ракета кучларининг саъй-ҳаракатлари, шунингдек, «ўта муҳим баландликларни эгаллаб олган ва шаҳарни шимол ҳамда жанубдан блоклаган ҳаво-десант бўлинмаларининг «яширин манёври» туфайли эгаллаб олингани ҳақида хабар берилганди. 

Бунга жавобан Вагнер ХҲК эгаси Евгений Пригожин «доимо унинг ёлланма аскарларидан ғалабани ўғирлашга ҳаракат қилишаётгани» тўғрисида маълум қилди

Шу билан бирга, Украина томони Соледарнинг эгаллаб олинганини ҳамон рад этяпти: Украина Қуролли кучлари Бош штаби кечқурун тезкор ҳисоботида шаҳарда жанглар давом этаётгани ҳақида хабар берди.

Аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги Соледар Россия кучлари томонидан қўлга олинганини тасдиқламаганди. Бу ҳақда Вашингтондаги брифингда Пентагон матбуот котиби генерал Патрик Райдер маълум қилди. 

«Биз аниқ биламизки, украиналиклар Соледар яқинида ҳарбий амалиётларни давом эттирмоқда», — дея қўшимча қилди Пентагон вакили. 

Шунингдек, у Пентагон Москванинг Украинага Беларус ҳудудидан ҳужум қилишга тайёрланаётгани аломатларини кўрмаётганини таъкидлади.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top