Жаҳон | 18:34 / 17.01.2023
12117
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон хорижликларнинг визасиз бўлиш қоидаларини кучайтирди

Энди чет элликлар мамлакатни тарк этиб, яна қайтиб кириш орқали мамлакатда қонуний қолиш муддатини чексиз узайтира олмайди.

Фото: Unsplash

Қозоғистон ҳукумати мамлакатга визасиз кириш ва қолиш қоидаларини ўзгартирди. Ҳукуматнинг тегишли қарори Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар банкида эълон қилинди.

Янги қоидаларга кўра, хорижликларнинг Қозоғистонда визасиз бўлиш муддати қуйидаги ҳолларда тугайди:

30 кундан кейин – чегара кесиб ўтилган вақтдан бошлаб, аммо 180 кунлик давр ичида умумий 90 кундан ошмаган ҳолда;

90 кундан кейин – чегара кесиб ўтилган вақтдан бошлаб, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар (Россия, Арманистон, Беларус, Қирғизистон) фуқаролари учун, аммо 180 кунлик давр ичида умумий 90 кундан ошмаган ҳолда.

Қайд этилишича, энди чет элликлар мамлакатни тарк этиб, яна қайтиб кириш орқали мамлакатда қонуний қолиш муддатини чексиз узайтира олмайди. Ушбу усулдан Россия фуқаролари кенг миқёсда фойдаланиб келаётган эди.

Янги қоидалар Қозоғистонга виза билан келган ёки вақтинчалик яшаш учун рухсатнома берилган шахсларга нисбатан қўлланилмайди. Улар учун мамлакатда қолиш муддати фақат ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати билан чекланади.

Янги қоидалар 2023 йил 26 январдан кучга киради.

Қозоғистон Россия Федерациясида сафарбарлик бошланганидан кейин руслар учун асосий йўналишлардан бирига айланди. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сафарбарликнинг биринчи ҳафтасининг ўзидаёқ мамлакатга юз мингдан сал камроқ россиялик кириб келган. 2022 йилда Қозоғистонга жами 2,9 миллион Россия фуқароси келган. Улардан қанчаси мамлакатда қолишга қарор қилгани номаълум.

Мавзуга оид