Россиянинг 13 январ куни Украина шарқидаги Соледар шаҳрини эгаллагани ҳақидаги баёноти Москванинг ҳарбий амалиётларида тобора кучайиб бораётган зиддиятларни ошкор қилди. Айнан шу ғалаба хабаридан сўнг рус ҳарбийлари ва бир гуруҳ хусусий ёлланма аскарлар ушбу муваффақият сабабчиси ким эканлиги бўйича очидан очиқ тортишувга киришди.
Россия мудофаа вазирлиги ўз баёнотида ўз кучлари Соледар шаҳри устидан назоратни қўлга олгани, бу Россиянинг сўнгги бир неча ой ичида эришган энг катта жанговар муваффақияти бўлиши мумкинлигини айтган. Бироқ баёнотда жангларда қатнашган, Кремль билан боғлиқ бўлган «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг ғалабадаги ўрни ҳақида умуман тилга олмаган.
Бу баёнотдан кўп ўтмай, «Вагнер»нинг катта қўмондони Андрей Трошев РФ мудофаа вазирлигини «бировнинг ютуқларини ўғирлаш»да айблади. 14 январ куни «Вагнер» Соледар унинг жангчилари томонидан қулатилгани, Россия армияси бу амалиётда иштирок этмагани, фақат Кремлгина бу даъвога қарши чиқишини қатъий таъкидлади.
Бир неча ойдан бери давом этаётган шиддатли жанглар ва оғир талaфoтлардан сўнг, ҳозирда Соледарни аслида ким назорат қилаётгани номаълумлигича қолмоқда. Украина ҳарбийларининг айтишича, уларнинг қўшинлари шаҳарнинг бир қисмини ҳамон ўз назоратида сақлаб турибди, бироқ Россия ушбу ҳудудга катта миқдордаги кучларни ташлаган ва вазият ўзгарувчан.
Соледарни эгаллаш Россия учун, бир неча ойлардан бери жанглар давом этаётган Бахмут шаҳри атрофида янги артиллерия позицияларини яратади. Аммо таҳлилчилар фикрига кўра, Соледарнинг ўзи унчалик муҳим стратегик аҳамиятга эга эмас ва унинг босиб олиниши Украина шарқи учун курашни жиддий ўзгартириши даргумон.
Вашингтонда жойлашган Урушларни ўрганиш институти 12 январ куни географик кадрларга асосланиб, рус қўшинлари Соледар шаҳрининг катта қисмини назорат қилаётганини тасдиқлади. Шунингдек, шаҳарнинг қўлга киритилиши «энг яхши ҳолатда ҳам русларнинг катта харажатлар эвазига эришган пиррик (мағлубиятга тенг ғалаба) тактик ғалабаси» бўлиши қўшимча қилинди.
Соледарнинг катта қисмида бинолар вайрон бўлган, кўплаб иншоотлар снарядлар тушиши оқибатида жиддий шикастланган. Шаҳарнинг урушдан олдинги 10 минг аҳолисининг катта қисми қочиб кетган. Россия армиясининг бир неча ойлик муваффақиятсизликлари, хусусан, сентябр ойида Харкивда жиддий зарбага учраб, тартибсиз чекиниши, ноябр ойида Херсонни ташлаб чиқиши ва шарқда оғриқли мағлубиятга учрашидан кейин Россия ҳарбий раҳбарияти Соледар шаҳрини ўзи учун рағбат сифатида кўрди. Ва мукофот рамзига айланган бу шаҳарни эгаллаш учун қаттиқ ҳаракат қилишни бошлади.


















