Ботир Қобиловга кўра, йўллардаги инфратузилма, жамоат транспорти, тирбандлик масаласи ижтимоий йўналишга тегишли бўлгани билан бу каби масалаларни иқтисодчилар ҳам ўрганиб, турли илмий тадқиқотлар олиб боришади. Суҳбатдошимиз ҳам фикрларини кўплаб кузатувлар, чет эл мамлакатлари тажрибаси, илмий мақола ҳамда тадқиқотларга таяниб билдираётганини маълум қилди.

— Автомобилсиз шаҳар жамият учун қанчалик аҳамиятли? Сизнингча, уни қандай қуриш керак, ишни нимадан бошлаш керак?

— Шаҳар деганда, биринчи навбатда бунинг нима эканини тушуниб олишимиз керак. Унга таъриф берсак, кўпинча урбанизация жараёни деб айтишади. Яъни шаҳарда кўп инсонларни бир-бирига яқинлаштириш, маълумотлар, билимларнинг ўзаро алмашинуви, одамларнинг борди-келдиси натижасида иқтисодий қиймат яратилиши назарда тутилади. Бунинг фойдаси борлигини иқтисодчилар кўрсатиб берган. Урбанизациянинг тарафдорлари қанча кўп одамлар бир жойда яшаса ва уларнинг мобиллиги (мулоқоти, ўзаро муносабатлари) қанчалик яхшиланса, бу ўша шаҳар учун ижобий эканини билдиришган.

Энди автомобил ҳақида гапирсак, бу — одамларнинг A нуқтадан B нуқтага ҳаракатланишида биргина восита, холос. Шаҳарлар эса инсонларни бир нуқтадан иккинчи нуқтага арзон, тез ва хавфсиз етказиб қўйишни таъминлаши керак. Мана шуни назарда тутган ҳолда, шаҳар ичида автомобилдан ташқари, жамоат транспорти, пиёда ёки велосипедда юриш, бошқа алтернатив транспорт воситаларидан фойдаланиш инобатга олиниши керак. Шаҳарлар ва унинг аҳолисига автомобилларнинг харажати катта. Яъни, автомобиллардан фойдаланишнинг харажатлари дейилганда, атроф-муҳитга чиқиндиларнинг кўпроқ чиқиши, автомобиллардан чиқадиган шовқин-сурон, шаҳарда энг қиммат бўлган ресурс — ернинг олиб қўйилиши назарда тутилади. Бу — автомобиллардан фойдаланишнинг маҳсули, десак бўлади. Ҳар бир автомобил уйда, кўчада ёки ишхонада сақланиши керак, шуни ҳисобга олсак, бу — шаҳарнинг маълум қисми автомобиллар томонидан эгалланади, дегани.

Шунинг учун автомобилда ҳаракатланиш харажатлари жуда катта ва салбий эканини инобатга олиш лозим, яъни шаҳарлар иложи борича автомобиллардан фойдаланишни чеклаш асосида қурилиши керак. Мен шундай деб тушунаман.

Шаҳарда соғлом ҳаёт бўлиши учун автомобилларга охирги ўринларни берган яхши. Баъзида одамлар, «автомобиллардан фойдаланишга рағбатни камайтиришимиз керак», дейилса, бу — пиёда ва ҳайдовчилар ўртасидаги уруш деб ўйлашади. Биз бир томонни олишимиз шарт эмас, чунки ҳар бир ҳайдовчи — пиёда, аммо ҳар бир пиёда ҳайдовчи бўла олмайди. Шуни инобатга олган ҳолда, аксарият одамлар шаҳар пиёдалар учун бўлиши керак деганида, бир нарсани қўшимча қилиш керакки, яъни нафақат пиёда, балки инсонлар учун бўлиши лозим. Боиси, шаҳарда автомобилларнинг қисқариши унинг эгаларига ҳам фойдали бўлади. Шаҳарда қанча кам автомобил бўлса ёки ундан фойдаланишга қанча кам рағбат бўлса, ўша автомобил ҳайдовчисига ҳам арзон, ҳам фойдалироқ бўлади.