Сўнгги кунларда Украина бошқарув тузилмаларида қатор шов-шувли истеъфолар рўй берди: президент офисида, бош прокуратурада, вазирликларда ва регионлар раҳбарлари орасида. Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенко, мудофаа вазири ўринбосари Вячеслав Шаповалов, бош прокурор ўринбосари Олексий Симоненко, ижтимоий сиёсат вазири ўринбосари Виталий Музиченко, Обшчиналар, ҳудудлар ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири ўринбосарлари Иван Лукеря ва Вячеслав Негода, шунингдек бир неча областлар раҳбарлари - Днипропетровск области раҳбари Валентин Резниченко, Запорижжя области раҳбари Олександр Старух, Киев области раҳбари Олексий Кулеба, Суми области раҳбари Дмитро Живицкий ва Херсон области раҳбари Ярослав Янушевич ўз лавозимларини тарк этишди.
Истеъфоларнинг расмий сабаблари маълум қилинмаган.
Украина нашрлари ушбу амалдорлар коррупция можаролари ортидан ишдан кетгани ҳақида ёзишган. Хусусан, Украина қуролли кучлари таъминотига масъул бўлган Вячеслав Шаповалов истеъфосига «Зеркало недели» нашри суриштируви сабаб бўлди. Унда украин ҳарбийлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари юқори нархларда харид қилингани айтилганди.
Олексий Симоненконинг истеъфосини мулозим таътил учун хорижга чиққани билан боғлашмоқда. «Украинская правда» хабарига кўра, 2022 йил охирида бош прокурор ўринбосари 10 кун муддатга мамлакатдан ташқарига чиққан, жумладан Испаниянинг Марбелья оролига ташриф буюрган. У ва рафиқаси таътилга лвивлик тадбиркор ва депутат Григорий Козловскийга тегишли «Мерседес»да йўл олган, уларга бизнесменнинг қўриқчиси ҳамроҳлик қилган.
Иван Лукеря ва Вячеслав Негода инфратузилмалар вазирининг бошқа бир ўринбосари Василий Лозинский генераторлар харидида йирик миқдорда пора олишда айбланиши ва қўлга олиниши ортидан истеъфога чиқишди.
Тимошенкони эса сўнгги вақтларда Украинага гуманитар миссиялар учун берилган йўлтанламасда қилган сафарлари учун танқид қилишганди. У автомобилдан хизмат мақсадларида фойдаланганини айтган. Якунда Тимошенко машинадан фойдаланишни тўхтатиб, уни фронт яқинидаги ҳудудларга жўнатишни сўраганди.
Бундан ташқари, 2022 йил охирида ОАВ Тимошенко мамлакатдаги ҳарбий ҳолат вақтида бизнесмен Вемир Давитянга тегишли бўлган 100 минг долларлик Porsche Taycan автомобилида юргани ҳақида ёзганди.
Истеъфога чиқарилган беш регион раҳбарларидан тўрт нафари Тимошенконинг истеъфоси билан боғланган. Бундан ташқари, Днипропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентин Резниченко — журналистлар суриштирувидан кейин очилган жиноий иш фигурантидир, унга кўра, амалдорнинг яқин дўстига тегишли компанияга ҳудуддаги йўлларни таъмирлаш ва эксплуатация қилиш учун ярим миллиард гривна ажратилган.
















