07:50 / 02.02.2023
5503

Аҳоли бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди

Фото: Shutterstock

Президентнинг “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2023 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун камида 13 трлн сўм йўналтирилади. Ушбу ресурсларнинг ҳудудлар кесимидаги мақсадли параметрлари тасдиқланди. Бунда, дастурлар доирасида 2,8 трлн сўм кредит маблағлари АТ Халқ банки, “Агробанк” АТБ ва “Микрокредитбанк” АТБнинг ўз ресурслари ҳисобидан ажратилади.

2023 йил 1 февралдан бошлаб:

  • кредитлар устувор равишда дастурлар бўйича аввал кредитлардан фойдаланмаган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилади;
  • узоқ муддатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олган деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига 50 млн сўмгача гаровсиз кредит берилади;
  • тадбиркорлик субъектларининг маҳаллаларда, шу жумладан ташкил этилган микромарказларда ишлаб чиқаришни, хизмат кўрсатиш соҳасини ва ҳунармандчиликни ҳамда аҳоли билан кооперация ва касаначиликни кенгайтиришга йўналтирилган лойиҳалари учун ажратиладиган кредитлар миқдори амалдаги 225 млн сўмдан 300 млн сўмгача оширилади. Бунда, ташаббускор лойиҳада камида 30% улуш билан иштирок этиши лозим;
  • дастурлар доирасида илгари олган кредитларидан самарали фойдаланиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган ва кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширган кичик тадбиркорлик субъектларига фаолиятини янада кенгайтириши учун мазкур кредитлардан такроран фойдаланишга рухсат этилади;
  • кредит суммасининг 10 млн сўмгача бўлган қисми (ҳунармандлар учун 20 млн сўмгача) банк карталарига ўтказиб берилади;
  • ажратилган кредитларни ўз муддатида қайтармаган фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига дастурлар доирасида янги кредитлар берилишига йўл қўйилмайди.

Дастурлар доирасида кредитларни йиллик 14 фоиз ставкада ажратиш тартиби сақлаб қолинади. Ваколатли банкларнинг тижорат кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш йўналишида томорқа ер эгаларига бериладиган микрокредитлар миқдори 3 млн сўмгача оширилади. Ушбу микрокредитлар Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратилади.

Top