14:46 / 02.02.2023
14029

АҚШ учинчи мамлакатларга F-16 қирувчи самолётларини Украинага юборишга рухсат бериши мумкин

Европанинг қатор давлатлари америкаликлар томонидан ишлаб чиқарилган самолётларини Украинага беришга тайёр.

Фото: Omar Marques/Getty Images

АҚШ ҳукумати учинчи мамлакатларга Америкада ишлаб чиқарилган F-16 русумли қирувчи самолётларини юборишга рухсат бериши мумкин, бу ҳақда The New York Times ёзмоқда. Ўз навбатида, Politico Пентагондаги юқори мартабали манбасига асосланиб, Вашингтоннинг ўзи ўз самолётларини юбориши эҳтимоли камлигини қайд этган.

The New York Times нашрининг европалик ва америкалик мулозимлар орасидаги манбалари, Украина катта эҳтимол билан Дания ёки Нидерландиядан F-16 самолётларини олиши мумкинлигини айтишган. Уларнинг маълумотига кўра, Нидерландиядда F-16 русумли 40 тача самолёт бор. Дания эса авиациясидаги самолётларни F-35 қирувчи самолётларига алмаштирмоқчи ва Украинага F-16 самолётларини беришга тайёр.

Бундан аввалроқ Полша ва Франция ҳам Украина учун ҳарбий самолётлар бериш эҳтимолини истисно этмаганди.

«Бу ҳақда гапираётган бошқа мамлакатлар ҳам бор. Улар таклиф билан чиқишгач, биз музокаралар ўтказамиз», — деган Politico нашрининг АҚШ мудофаа вазирлигидаги манбаси. У Пентагондагилар самолётлар етказиб берилишига эътироз билдирмаслиги, балки бошқа масалаларга «устуворлик беришда давом этиши»ни қайд этган.

Нашрнинг ёзишича, ҳозирда АҚШ расмийлари асосий эътиборни Украина шаҳарлари ва инфратузилмалари ҳимояси учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, шунингдек, баҳорда бошланиши кутилаётган қарши ҳужумда керак бўладиган зирҳли техникалар ва артиллерия қуроллари етказиб беришга қаратган. 

Пентагондагилар ҳарбий самолётлар олдиндаги жангларда муҳим рол эгалламаслиги, қолаверса, украиналик учувчиларни тайёрлаш учун вақт қолмаганини қайд этишмоқда. Хусусан, ҳарбий мулозимлардан бири Киевга қирувчи самолётлар етказиб бериш «қанотли ракеталар ва дронлар муаммосини ҳал қилмаслиги»ни билдирган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча F-16 қирувчилари етказиб бериш масаласи юқори даражада муҳокама этилмаяпти.

  • АҚШ, Германия ва Ғарбнинг бошқа мамлакатлари Киевга ўз танкларини жўнатишга рози бўлгач, Украина ҳукумати Ғарбдан қирувчи самолётларни ҳам олиш учун ҳаракат бошлаганди.
  • Январ ойи охирида Оқ уйдаги матбуот анжмуни вақтида АҚШ президенти Жо Байден Вашингтон Киевга F-16 қирувчи самолётларини ҳам етказиб бериши эҳтимолини рад этганди. «Барча ёрдам турлари „йўқ“ босқичидан ўтган, „йўқ“ фақат бугунги кун ҳолатида. Иккинчи босқич — „келинглар техник имкониятларни муҳокама қиламиз ва кўриб чиқамиз“, учинчиси — „келинглар экипажингизни тайёрлаймиз“, тўртинчиси эса — олиб келиш», — деди шундан кейин Украина мудофаа вазири Алексей Резников.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top