11:32 / 03.02.2023
8398

Берлин Киевга Leopard 1 танкларини ҳам етказиб бермоқчи

Германия ҳукумати Leopard 1 жанговар танкларини саноат захираларидан Украинага тақдим этишни маъқулламоқчи, деб хабар берди жума куни Süddeutsche Zeitung (SZ) газетаси. 

Фото: Wikipedia

Расмий равишда бу танкларни Киевга топшириш ҳали тасдиқланмаган, дея таъкидлайди dpa агентлиги ҳукумат доираларидаги манбага таяниб. 

Rheinmetall ва Flensburger Fahrzeugbau Gesellschaft немис компаниялари яқинда Украинага жўнатиш учун ўнлаб Leopard 1 танкларини тайёрлаши мумкин, аммо SZ таъкидлашича, ўқ-дориларни сотиб олиш билан боғлиқ муаммолар ҳалигача ҳал этилмаган. 

Ўтган ҳафта Берлин Украинага Бундесвер омборларидан 14 та Leopard 2 асосий жанговар танкларини етказиб беришга қарор қилди.

Германия канцлери Олаф Шольц «Россиянинг Украинага қарши уруши Россия ва НАТО ўртасидаги урушга айланиб қолмаслиги учун ҳамма нарсани қилиш»ни ўзининг вазифаси деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Германия ҳукумати раҳбари Der Tagesspiegel газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди. 

Ҳозирда Россия Федерацияси ва НАТО ўртасида уруш йўқ, у Германия канцлери сифатида бундай кескинлашувга йўл қўймайди, деб қўшимча қилди Шольц. «Бу масала бўйича биз федерал ҳукуматда бирдаммиз ва ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам шундай ҳисоблаяпти», деди у. 

25 январь куни Олаф Шольц Украинага Leopard 2 танкларини етказиб беришни маъқуллади ва бу қарор Германия иттифоқчилари билан «келишув ҳамда яқин ҳамкорликда» қабул қилинганини таъкидлади. Шундан сўнг бир қатор бошқа Ғарб давлатлари Киевга жанговар танкларни ўтказиш ниятида эканини маълум қилди. Ўз навбатида, Украина президенти Володимир Зеленский НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан гаплашганини Telegram’да маълум қилиб: «Биз Украинага самолётлар етказиб бериш даражасига чиқишимиз керак. Бу орзу. Бу вазифа», деб қўшимча қилди. 

Германияда ҳам Киевга жанговар самолётлар етказиб берилиши мумкинлиги ҳақидаги мунозаралар бошланди. Бироқ, 25 январь куни Бундестагда нутқ сўзлаган Олаф Шольц воқеаларнинг бундай ривожланиши ҳақида гап ҳам бўлмаслигини таъкидлади: «Мен бу жанговар самолётларга тааллуқли эмаслигини анча олдин айтгандим ва ҳозир ҳам буни айтаман». 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top