Қозоғистон ва Ўзбекистон бош вазирлари давлатлараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди
Алматида Алихон Смаилов ва Абдулла Арипов учрашди.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари Алихон Смаилов ва Абдулла Арипов Алматида бўлиб ўтган Евросиё ҳукуматлараро комиссияси йиғилишидан сўнг давлатлараро ҳамкорликнинг бир қатор муҳим масалаларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Kazinform ҳукумат сайтига таяниб хабар берди.
Томонлар савдо-иқтисодий, транспорт-транзит, сув-энергетика, саноат кооперацияси ва қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик қилиш режаларини ишлаб чиқдилар.
Алихон Смаилов республикалар ўртасида мустаҳкам ва аҳил муносабатлар мавжуд бўлиб, улар барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 30 фоизга ошиб, режалаштирилган 5 миллиард долларга етди.
«Бу бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли мумкин бўлди. Энди юқори даражада қўйилган вазифаларга мувофиқ, ўрта муддатли истиқболда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш зарур», деди Қозоғистон бош вазири.
Унинг сўзларига кўра, бу борада ўтган йили имзоланган йўл хариталарининг ўз вақтида амалга оширилиши, Қозоғистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг фаол фаолияти муҳим аҳамиятга эга.
«Қозоғистон ҳукумати ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича фаол мулоқотга тайёр», деди Смаилов.
Ўз навбатида, Абдулла Арипов мамлакатлар ўртасида саноат кооперацияси, айниқса, автомобилсозлик соҳасида ижобий тажриба мавжудлигини таъкидлади. Нефт-газ, кимё, энергетика, металлургия ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
«Қишлоқ хўжалиги ва транспорт-логистика, айниқса, янги транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги яқин ҳамкорликни алоҳида таъкидлаш жоиз. Биз мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ҳам юксак қадрлаймиз, бу бизга қардош халқлар ўртасидаги ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини беради», — деди Абдулла Арипов.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
18:33 / 04.11.2024