Жорий йил 1 февралидан Ўзбекистондан Афғонистонга темирйўл қатнови вақтинча тўхтатилди. «Ўзбекистон темирйўллари» бунга икки давлат ўртасида тузилган шартнома ўз вақтида бажарилмагани сабаб бўлганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2022 йил 26-30 декабр кунлари Термиз шаҳрида ўтказилган икки томонлама музокаралар давомида 2023 йил 1 февралига қадар Афғонистон ҳудудидаги техник ишлар босқичма-босқич Афғон темирйўллари ишчилари томонидан амалга оширилиши бўйича «Ҳаракатлар режаси»га келишилган.

Шунингдек, «Ўзбекистон темирйўллари» таркибига кирувчи «Сўғдиёна Транс» ШК ва Афғонистон темирйўл бошқармаси ўртасида томонлар бажарадиган ишлар рўйхати белгиланган ва 27 январга қадар янги шартнома имзоланиши кўзда тутилган. Бироқ Афғонистон темирйўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётгани сабабли 1 февралдан қатновлар вақтинча тўхтатилган.

«Ўзбекистон темирйўллари» ҳолат юзасидан қўшимча маълумот беришича, янги шартнома шартлари Афғонистон темирйўллари бошқармаси раҳбари томонидан янгидан шарҳланиши ва маҳаллий ОАВда Ўзбекистон томонини айблашга ҳаракат қилинаётгани тушунарсиз вазиятни юзага келтирмоқда.

«Афғонистон томонидан Ҳайратон станциясида амалга оширилиши лозим бўлган техник ишлар белгиланган муддатда бажарилмагани тўғрисида ҳеч қандай тушунтириш берилмаяпти.

Ҳайратон станциясига етказиб берилган вагонларни бўшатиш ва қайтариш ишларини ташкил этиш учун Афғонистон темирйўл бошқармаси «Мансур Фатиҳ» компанияси билан шартнома имзолагани тўғрисида маълумот тарқатилган. Ушбу ташкилот станцияда келишилган муддатда ишларни ташкиллаштиришга улгурмаган», дейилади «Ўзбекистон темирйўллари» баёнотида.

«Ҳайратон – Мозори-Шариф» темирйўл линияси ҳақида

Узунлиги 75 км, лойиҳа қиймати 129 млн доллар бўлган «Ҳайратон – Мозори-Шариф» темирйўли «Ўзбекистон темирйўллари» томонидан 2010 йил ноябр ойида қуриб битказилган. Уни бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини 2011 йил декабридан бери «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ шуъба корхонаси «Сўғдиёна Транс» амалга ошириб келмоқда. Ўтган 12 йил давомида Афғонистон темирйўллари лойиҳадан 315 млн доллар қийматида даромад олган. Бундан ташқари, ушбу темирйўл линияси орқали Афғонистонга бир неча минг тонналаб гуманитар ёрдам, озиқ-овқат, нефт, буғдой, металл ва халқ эҳтиёжи учун бошқа зарур товарлар ва саноат маҳсулотлари етказиб берилган.