Туркияга 60 нафар қутқарувчи ҳамда 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юбориляпти - ФВВ
Ўзбекистон президенти топшириғига асосан қардош Туркияга инсонпарварлик ёрдами юборилмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 60 нафар қутқарувчи ушбу давлатга жўнаб кетишини маълум қилди.
Туркия жануби-шарқий қисмидаги вилоятларда 6 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 04:17 да 7,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Юз берган кучли зилзила оқибатида кўплаб одамлар қурбон бўлган, жиддий жароҳатлар олган ва катта талафотлар кўрган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга ҳамдардлик йўллади. Қардош Туркия етакчиси ва халқига чуқур таъзия изҳор этиб, давлат раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Давлат раҳбари топшириғига асосан қардош Туркия давлатига инсонпарварлик ёрдами ва зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида, 60 нафар ФВВ қутқарувчилари ҳамда 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юборилмоқда, дейилади ФВВ хабарида.
Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимолида юз берган кучли зилзила оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, 1200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Туркияда табиий офат қурбонлари сони 912 кишини ташкил қилди, 5385 киши жароҳат олди, деди президент Ражаб Тоййиб Эрдўған. Унинг ўринбосари Фуат Ўқтойнинг сўзларига кўра, Туркиянинг турли шаҳарларида камида 1710 та бино вайрон бўлган ёки шикастланган.
Сурия ҳукумати камида 320 киши ҳалок бўлганини ва 600 дан ортиқ одам жароҳатланганини қайд этган, дея хабар беради Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Мавзуга оид
17:52 / 17.12.2024
WSJ: АҚШ Сурия чегарасида турк қўшинлари тўпланаётганидан хавотирда
18:39 / 14.12.2024
Туркия АҚШдан Газпромбанкка қарши санкцияларни юмшатишни сўради
18:23 / 09.12.2024
Сурияда Асад бошқаруви тугади. Бу Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатини қандай ўзгартиради?
18:06 / 09.12.2024