2023 йилги давлат дастурига оид фармон лойиҳасида тиббиёт соҳасига оид бир нечта режалар санаб ўтилган.
Унга кўра, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномалар берилиши босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади. Тахминий муддатлар қуйидагича:
- Навоий ва Сирдарё вилоятларида – 2023 йил 1 июлдан бошлаб;
- Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида – 2023 йил 1 октябрдан бошлаб;
- республиканинг бошқа ҳудудларида – 2024 йил 1 январдан бошлаб.
2024 йил 1 январдан бошлаб тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилишни тақиқлаш кўзда тутилмоқда.
Бюрократия қисқаришда давом этади: Яна 200 та давлат хизмати электрон шаклга ўтади
Лойиҳага кўра, 2023 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилади.
Сирдарё вилоятида тиббий суғуртани жорий этиш бўйича ўтказилган эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда, бу тизим босқичма-босқич республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилади. Бунда, тиббий хизматларни молиялаштириш яхшиланиши ҳисобига аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ошиши айтилмоқда.
2023 йил якунига қадар ногиронлиги бўлган шахсларни амбулатор ва стационар шароитда бепул тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўлами 2 баробар оширилиб, 30 минг нафарга етказилиши назарда тутилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2023 йил учун қуйидаги вазифалар юклатилиши кўзда тутилмоқда:
- 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш;
- 18-40 ёшли 12,6 миллион нафар аҳолини профилактик кўрикдан ўтказиш, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги сурункали касаллиги бўлмаган 6,3 миллион нафар аҳолини юрак қон-томир касалликлари ва қандли диабет, 3 миллион нафар аҳолини онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувлардан ўтказиш;















