Жаҳон | 18:28 / 10.02.2023
16935
2 дақиқада ўқилади

Қирғиз депутати Ўзбекистонда қидирувга берилди

Эмил Жамғирчиев Ўзбекистонда нега қидирувга берилгани маълум эмас. У ҳуқуқ-тартибот идораларида сўроқ қилинган.

Фото: Альянс

Қирғизистон Республикасининг Жогорку Кенеш депутати Эмил Жамғирчиев Ўзбекистонда қидирувга берилди. Бу ҳақда Kaktus.media нашри ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб хабар берди.

Эмил Жамғирчиев Ўзбекистонда қидирувга берилган, бироқ қайси жиноий иш бўйича экани номаълум. Депутат сўзларига кўра, Ўзбекистонда қўзғатилган жиноят иши доирасида у аллақачон Қирғизистоннинг ваколатли органлари томонидан гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.

«Мен нима учун Ўзбекистонда қидирувга берилганимни билмайман, лекин аллақачон Бишкекда ваколатли органлар томонидан гувоҳ сифатида сўроқ қилиндим», деди Жамғирчиев.

Эмил Жамғирчиев Қирғизистоннинг «Алянс» партиясидан Жогорку Кенеш (ЖК) депутати. ЖК Қонунчилик ва ҳуқуқ-тартибот, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси. Илгари у Қирғизистон Республикаси Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш давлат хизмати раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Шунингдек, Жамғирчиев ва ҳукумат аппарати раҳбарининг собиқ ўринбосари Бактибек Қалмуратов контрабанда бўйича қўзғатилган жиноий ишни ижобий ҳал этиш учун тадбиркордан пора олганликда айбланган. 2021 йил феврал ойида давлатга етказилган 20 миллион қирғиз сўми миқдоридаги зарарни қоплаган. Иккала айбланувчи ҳам уй қамоғидан озод этилган. Судда жабрланувчи Эмир Эмилканов айбланувчига қўйган даъволаридан воз кечган, Бишкек суди эса Жамғирчиевни жиноят таркиби йўқлиги учун оқлаган. Иш доирасида прокурор айбланувчини 15 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди.

Мавзуга оид