15:27 / 14.02.2023
32339

Чойнак билан ҳамкасбларини жароҳатлаган ҳамшира ўша бўлим бошлиғининг турмуш ўртоғи бўлган

Пайариқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Челак шифохонаси ҳамшираси икки ҳамкасбини чойнак билан уриб жароҳат етказгани хабар қилинди.

Ҳолатни ўрганиш мақсадида Kun.uz мухбири мазкур туманда бўлиб, гувоҳлардан изоҳ олди.

Гувоҳларга кўра, 2023 йил 2 феврал куни шифохона ҳамшираси Ш.Б. ҳамда унинг онаси, кичик тиббий ходим бўлиб ишлаб келган Д.М. ўша шифохонанинг тез ёрдам бўлимига қонга беланган ҳолда олиб келинади. Уларни бир бўлимда ишлаб келган Н.А. чойнак билан юз қисмига ургани айтилмоқда.

Тез тиббий ёрдам бўлими бошлиғи Лапас Расуловнинг айтишича, жароҳат олган ҳамкасбларига биринчи ёрдам кўрсатилади. Текширувлар натижасида ҳамшира Ш.Б.га бурун суяги ёпиқ синиши, бурун усти соҳаси урилиб, кесилган жароҳати, бош мия чайқалиши, кичик тиббий ходим Д.М.га эса бурун усти, чап ёноқ соҳаси, чап кўз ички бурчаги урилиб, кесилган жароҳати, бош мия чайқалиши ташхиси қўйилади.

Уларга зарур тиббий муолажалар кўрсатилгач, 11 февраль куни қониқарли аҳволда уйига рухсат берилган.

Бўлим бошлиғи Расулов ўша куннинг ўзида ИИБга хабар берилганини айтмоқда.

Икки томон билан ҳам кўришиб, воқеа тафсилотларини сўрашнинг имкони бўлмади.

Режали хирургия бўлими катта ҳамшираси Раъно Жумабоеванинг айтишича, ҳамкасбларини чойнак билан урган Н.А. ўша бўлим бошлиғи Азиз Жўраевнинг турмуш ўртоғи. Жўраев ҳам ўша воқеадан сўнг ишга кам келаётгани айтилди. Биз борган вақтда ҳам ишда бўлмагани учун воқеа тафсилотларини унинг ўзидан эшитишнинг имкони бўлмади.

Маълум бўлишича, мазкур бўлимда Азиз Жўраевнинг отаси, турмуш ўртоғидан ташқари яна икки қариндоши ҳам ишлаб келаётган экан. Жўраев бўлим бошлиғи бўлгунга қадар унинг отаси Олим Жўраев шу лавозимда ишлаб келган.

2 феврал кунги жанжал ҳам арзимас нарсадан келиб чиққан. Гувоҳларга кўра, ҳамшира Ш.Б. бўлим бошлиғининг топшириғига кўра онаси Д.М. ёмғирли кунда ташқарида ишлатилгани учун унинг ёнини олади. Натижада, вазиятга шу бўлимда ишлаб келаётган Н.А. ҳам аралашади. У бўлим бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган турмуш ўртоғининг ёнини олиб, икки ҳамкасбига жароҳат етказади. 

Ҳамшира Н.А. ҳамкасблари билан содир бўлган ўша воқеадан сўнг қайтиб ишга келмагани айтилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати ўз муносабатида вазирлик томонидан ушбу воқеа бўйича ўтказилган ўрганишлар якунида бундай салбий ҳолатнинг юзага келишига эътиборсиз бўлган ҳамда муассаса ходимлари ўртасида касб этикаси ва мажбуриятларига риоя этиш юзасидан етарлича тушунтириш олиб бормаган бир қатор масъулларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тегишли жазо чоралари қўллангани айтилмоқда. Бироқ кимларга қандай чора қўллангани очиқланмаган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати Н.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Top