Наманган вилояти ҳокими 2023 йил 15 феврал кунги қарори билан Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоиловнинг 70 йиллик юбилейини ўтказиш учун вилоят бюджети захира маблағлари ҳисобидан 150 млн сўм ажратди. Шавкат Абдураззоқовнинг бу ҳақдаги фармойишига блогер Зафарбек Солижонов эътибор қаратди.
Ҳужжатга кўра, вилоят Маданият бошқармасининг хати инобатга олиниб, санъаткорнинг 70 йиллигига бағишланган концерт дастури муносабати билан Наманган шаҳридаги “Навбаҳор” тантаналар мажмуасида байрам дастурхони ташкил этиш кўзда тутилган. Тадбирни ўтказиш билан боғлиқ харажатларга вилоят бюджети захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 150 млн сўм маблағ ажратилган.


Эътиборлиси, созанда ва бастакор, 1990 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган Абдуҳошим Исмоилов 1952 йил 9 июнда Фарғона вилоятининг Қува туманида таваллуд топган.
Июн ойида санъаткор 71 ёшни қарши олади. 70 ёшга кирганига қарийб 1 йил бўлаётган санъаткорнинг “70 йиллик юбилейи”га маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиш Наманган вилояти ҳокимига нега керак бўлиб қолди?
Қолаверса, Шавкат Абдураззоқовнинг бу “сахийлиги” – Исмоиловнинг туғилган кунини нишонлаш бўйича халқнинг чўнтагидан пул ажратиш билан боғлиқ учинчи ҳолат.
Абдуҳошим Исмоиловнинг 70 йиллиги биринчи бор 2022 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 апрелдаги тегишли қарори билан атоқли олимлар, маданият ва санъат соҳаси вакилларининг юбилей саналарини кенг нишонлаш ҳамда улар фаолиятини кенг тарғиб қилиш дастури тасдиқланган. Унга кўра, 2022 йил июнь ойида Абдуҳошим Исмоиловнинг 70 йиллиги нишонланган ҳамда тадбир Маданият вазирлигининг ҳар йилги маданий тадбирлар учун ажратилган бюджет маблағларидан молиялаштирилган.

















