Жаҳон | 11:50 / 17.02.2023
4534
2 дақиқада ўқилади

Россияда Европа Кенгаши низоми амал қилиши тўхтатилди

Европа Кенгашидан чиққанидан кейин Россия 21 та ҳужжатни денонсация қилмоқда, жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши кураш бўйича Европа конвенцияларини.

Фото: tellerreport.com

Россия Давлат думаси бир овоздан Европа Кенгаши Низоми ва ташкилот билан Россияга нисбатан бошқа 21 халқаро шартномани бекор қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди, деб хабар беради пайшанба куни парламент қуйи палатаси сайти.

Депутатлар томонидан қабул қилинган «Европа Кенгашининг Россияга нисбатан халқаро шартномаларини бекор қилиш тўғрисида»ги қонун Европа Кенгашининг 1949 йил 5 майдаги Низоми, 1950 йил 4 ноябрдаги инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ҳақидаги ҳужжат, 1977 йил 27 январдаги Терроризмга қарши кураш тўғрисидаги Европа конвенцияси, 1985 йил 15 октябрдаги Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш хартияси ва 1996 йил 3 майдаги Ижтимоий хартияга тегишли.

Қонун лойиҳаси Давлат думасига январь ойида Россия президенти Владимир Путин томонидан киритилган эди. Ҳужжатда таъкидланганидек, Россия ушбу ташкилотдаги аъзоликни тугатганлиги муносабати билан шартномалардан чиқади ва Европа Кенгаши Низомидан воз кечади.

Россия 1996 йилдан бери Европа Кенгашининг аъзоси. Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларидан сўнг, Европа Кенгаши вазирлар қўмитаси Россиянинг Кенгаш органларидаги ваколатини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилди. Март ойида Европа Кенгаши вазирлар қўмитаси Россияни ташкилотдан чиқариш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллади ва Россия Европа Кенгаши бош котибини ташкилотдан чиқиш нияти тўғрисида расман хабардор этди ҳамда Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияни денонсация қилди. 

2022 йил октябр ойида Европа Кенгаши парламент ассамблеяси Россиядаги сиёсий режимни «террористик» деб тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид