Иқтисодиёт | 13:10 / 21.02.2023
25131
2 дақиқада ўқилади

Банклараро тўлов тизими орқали электрон тўловларни амалга ошириш тартибига ўзгартириш киритилди

Банкларнинг вакиллик ҳисобварағида етарли маблағлар мавжуд бўлмаган ҳолатлар овердрафт сифатида акс эттирилиши белгиланмоқда. Банклар овердрафт юзага келганда тезкор тўловларни амалга ошира олмайди. 

Марказий банк “Банклараро тўлов тизими орқали электрон тўловларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қарор қабул қилди

Унга кўра, филиалга эга бўлмаган банк ёки банк филиалини банклараро тўлов тизимига улаш учун белгиланган қоидалар амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилмоқда. 

Шунингдек, банкларнинг вакиллик ҳисобварағида етарли маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, клиринг орқали ишловчи тўлов тизимларидан олинган банклар ўртасидаги якуний ҳисоб-китобга оид маълумотлар асосида амалга оширилган тўловлар бўйича маблағлар овердрафт сифатида акс эттирилиши белгиланди. 

Вакиллик ҳисобварағида овердрафт юзага келган банкнинг Марказий банк ҳисоб-китоблар клиринг тизими ва тезкор тўловлар тизими орқали операциялари вакиллик ҳисобварағида ижобий қолдиқ шакллангунга қадар тўхтатилади. 

Аввалроқ, банк ҳисобрақамларини очиш тартиби ўзгартирилгани маълум қилинганди

Ўзгаришларга кўра, таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда ЯТТлар банк ҳисобварақларини 2023 йил 1 майдан бошлаб, давлат рўйхатидан ўтиш жараёнида ҳам, фаолияти давомида ҳам масофадан туриб очиши мумкин. 

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга факсимил имзодан фойдаланишга рухсат берилди. Бундан ташқари, ҳисобварақни очиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларни электрон сақлаш имконияти бўлганда, қоғозда сақламаслик ҳуқуқи берилди. 

Барча жисмоний шахсларга ягона идентификатор – жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами (ЖШШИР) асосида ҳисобварақ очилиши белгиланди.

Мавзуга оид