Ўзбекистон | 18:24 / 21.02.2023
11006
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда ўзбек-ҳинд ҳарбий ўқув машғулотлари бошланди

«Дўстлик-2023» ўқув машғулотлари доирасида иккала мамлакат ҳарбийлари турли вазифаларни биргаликда бажаради.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ҳиндистоннинг Уттаракханд штати, Питхорагарх шаҳрида анъанавий тарзда ўтказилаётган «Дўстлик-2023» ўзбек-ҳинд ҳарбий ўқув машғулотлари бошланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳиндистоннинг Garhwal Rifles 14-батальонида старт олган тадбирда ўзбекистонлик 45 нафар ҳарбий иштирок этмоқда.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбий ҳамкорлиги доирасидаги ўқув машғулотлари тўртинчи марта ўтказилмоқда.

Биринчиси 2019 йилда, Тошкент ҳарбий округи ҳудудидаги умумқўшин полигонида, иккинчиси 2021 йилда Ҳиндистондаги Утаранчал штати, Раникхет провинциясидаги «Чаубатия» ўқув марказида, учинчиси 2022 йилда Хоразм вилоятида жойлашган Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг «Янгиариқ» умумқўшин полигонида ташкил этилган эди.

Машғулотлар 20 февралдан 5 мартга қадар давом этади. Унинг доирасида икки давлат ҳарбий хизматчиларининг шартли террорчи гуруҳларини қидириб топиш, йўқ қилиш, тоғли тўсиқларни енгиб ўтиш ҳамда тоғли ўрмон шароитларида жанговар операцияларни бажариш каби махсус вазифалар ҳамда спорт ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид