Мирзоҳиджон Мухторович Қодиров Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази» давлат унитар корхонаси директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

М. Қодиров 2003 йилда Тошкент фармацевтика институтини тамомлаб, иш фаолиятини мазкур олий ўқув юртида кафедра ассистенти сифатида бошлаган.
Кейинчалик Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси Фармакопея қўмитасида етакчи мутахассис, қўмита раиси ўринбосари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази» ДУК директори каби масъул лавозимларда ишлаган.
«М. Қодировга тизимда коррупцияга барҳам бериш, соҳага халқаро стандартлар, юқори технологияли лабораторияларни жорий қилиб, Ўзбекистонга сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар кириб келишини таъминлаш, мамлакатда фармация соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, марказда фаолият кўрсатувчи кадрлар малакасини жаҳон талаблари даражасида ошириб бориш ҳамда ўз ишига ҳалол ҳамда виждонан ёндашадиган билимли ва маҳоратли мутахассислардан иборат жамоани шакллантириш каби муҳим вазифалар юклатилди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Санжар Тўрақулович Набиев вазирлик муассислигидаги IT-Med масъулияти чекланган жамияти директори этиб тайинланди.

С.Набиев 2016 йилда Буюк Британиядаги Лондон шаҳар университети (City University of London)нинг бакалавриат, 2018 йилда эса Испаниядаги Les Roches Marbella меҳмонхона бошқаруви халқаро мактабининг магистратура босқичини ахборот технологиялари ҳамда менежмент йўналишлари бўйича тамомлаган.
















