Беларусдаги аэродромда портлаш юз берди. Россия ҳарбий самолётига зарар етган
Беларус фаолларига кўра, Минск яқинидаги «Мачулишчи» аэродромидаги портлашлар натижасида Россиянинг узоқ масофадан радиолокацион аниқлаш ишларини амалга оширувчи А-50 ҳарбий самолётига зарар етган.
Минскдан 12 км узоқликда жойлашган Беларуснинг «Мачулишчи» ҳарбий аэродромида 26 февраль, якшанба куни портлашлар содир бўлди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларининг собиқ ходимлари томонидан тузилган BYPOL мухолифат ҳаракати Telegram'даги каналида маълум қилди.
Даставвал фаоллар камида иккита портлаш натижасида Россия ҳарбий-транспорт самолёти ва қор тозалаш машиналари шикастланганини ёзишган. Хабар қилинишича, аэродром ҳудудида маҳаллий аҳоли кўп сонли ҳарбийлар ва йўл полицияси экипажларини кузатмоқда, улар ўтаётган барча машиналарни текширмоқда. Портлашлар сабаблари аниқлаштирилмаган.
Кейинчалик BYPOL ҳарбий аэродромда диверсия содир этилгани, натижада Россиянинг А-50 эрта огоҳлантириш ва назорат радарига эга ҳарбий самолёти жиддий шикастлангани, унинг олд ва марказий қисмлари, авионика ва радар антеннасига зарар етгани ҳақида хабар берди.
BYPOL раҳбари Александр Азаров «Наша Ніва» нашрига беларуслик партизанлар «Мачулишчи» ҳарбий аэродромидаги қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этганини айтди. Азаров «Белсат» нашрига берган изоҳида у дронлар ёрдамида амалга оширилгани ва операциянинг барча иштирокчилари аллақачон Беларусдан ташқарида эканини билдирди.
Аэродромдаги портлашлар ҳақидаги маълумотни журналист Антон Мотолко ва «Беларусь за МКАДом» Telegram-канали тасдиқлади. Россиялик ҳарбий мухбирлар Юрий Котенок ва Семён Пеговлар ҳам аэродромга учувчисиз учоқлар ҳужум қилган бўлиши мумкинлигини ёзган.
Беларус ва Россия расмийлари воқеа юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган. «Зеркала» журналистлари Беларус Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлигига мурожаат қилишди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги нашрга портлашлар ҳақида хабарлар йўқлигини маълум қилди, Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, «жиддий ҳеч нарса содир бўлмаган».
«Беларускі Гаюн» мониторинг гуруҳи маълумотларига кўра, 2023 йил 3 январда Беларусга етиб келган Россия аэрокосмик кучларининг RF-50608 давлат рақамига эга ДРЛО А-50У самолёти шикастланган. 54 кун давомида бу борт 12 марта парвоз қилди. Унинг Беларус ҳудудига аввалги келиши 2022 йил 24 февралда қайд этилган.
Гуруҳ маълумотларига кўра, Россия аэрокосмик кучларида атиги 9 та шундай самолёт бор, улардан 6 таси модернизация қилинган. Бундай самолётнинг нархи 330 миллион долларга баҳоланмоқда.
Айни пайтда, «Украинская правда» интернет-нашри «Кинжал» гипертовушли ракеталарини ташувчи самолётлар одатда «Мачулишчи» аэродромидан ҳавога кўтарилиши, шу сабабли Украина ҳаво тревогаси эълон қилишини эслатиб ўтган.
Мавзуга оид
20:49 / 11.11.2024
Беларус расман БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олди
14:30 / 05.11.2024
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
19:19 / 23.10.2024
Беларусда президентлик сайлови санаси белгиланди
14:20 / 21.10.2024