Кўмирга ўтиш ҳаракатлари

2023 йил январ ойида шу вақтгача деярли ҳеч қачон газ ва электр танқислигини бошидан ўтказмаган пойтахтликлар ҳам бир неча кунлаб газ ва электр токисиз қолиб кетишди. Бундай вазиятда давлат нимадир қилишга, кейинги йилги қиш мавсуми учун турли чоралар кўришга шошиляпти. Собиқ энергетика вазири Алишер Султонов 2 йил олдин «газимиз 3та Ўзбекистонни боқишга етади», деб ишонч билан айтганига қарамай, ҳукумат ҳозир газ захираларимиз қолмаганини пеш қиляпти. Ечим сифатида аҳоли уйларига қуёш панеллари ўрнатиш ва айрим ижтимоий объектларни кўмирга ўтказиш таклиф қилиняпти.

Президент қарорида айтилишича, энди Ўзбекистонда газни тежаш мақсадида мактаб, боғча, шифохона ва заводларнинг маълум бир қисмининг истиш тизими кўмирда ишлашга мослаштирилади. Йил охиригача 5407та ижтимоий объект  учун 184,4 минг тонна кўмир етказиб берилиши керак. Фуқароларининг қишда жон сақлашига қайғурилаётгани яхши, бироқ бу экологияга таҳдид эвазига бўлмаслиги керак. Кўмирдан фойдаланиш вақтинча чора бўлса ҳам, етарлича экологик муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бутун дунёда айни дамда кўмирдан фойдаланишни қисқартиришга ўтилиб, давлатлар учун лимитлар белгилаш бошланган.

Глобал исишга таъсири

Кўмир дунёда инсоният фойдаланадиган ёқилғилар ичида табиатни энг кўп ифлословчи ҳисобланади. Статистикага қаралса, 1 даража кўтарилган глобал исишнинг 0,3 даражаси кўмир ҳиссасига тўғри келади. Электр ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган кўмир эса карбонат ангидрид чиқиндиларининг 30 фоизини ташкил қилади. Ёки электр энергиясини кўмир билан ишлаб чиқарганда газга қараганда 72 фоиз кўпроқ CО2 ажралиб чиқади. 2021 йилда дунёдаги CO2ʼнинг 40 фоизига кўмир ёқилиши сабаб бўлган