15:20 / 03.03.2023
16728

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси ўзгармоқда

Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Фурқат Сиддиқов Ўзбекистоннинг АҚШдаги янги элчисига айланади. 2017 йилдан буён АҚШдаги дипломатик миссияни бошқариб келган Жавлон Ваҳобов ТИВга ишга келиши кутилмоқда.

Фото: fb.com/furqatbek.akhmedsidiq.9

3 март куни Олий Мажлис Сенати Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимига Фурқат Сиддиқов номзодини маъқуллади. Бу маълумотни парламентнинг юқори палатасидаги манбаси Kun.uz’га тасдиқлади.

Фурқат Сиддиқов 1971 йил 7 февралда Тошкентда туғилган. 1993 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. UzDaewoo Electronics ҚКда бош мутахассис (1993−1995), Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институтида ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим (1995−2002, 2007−2011) лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида атташе (2002−2007), ушбу элчихонанинг биринчи котиби (2011−2015), Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси (2015−2020) лавозимларида ишлаган.

Фурқат Сиддиқов 2020 йил майда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлган, 2022 йил ноябридан ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

  • Маълумот учун, 2017 йилдан буён Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик миссиясини Жавлон Ваҳобов бошқариб келмоқда. «Газета.uz» манбасига кўра, у энди ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига қайтарилиши (у 2013-2015 йилларда ТИВ раҳбари ўринбосари, 2015-2017 йилларда биринчи ўринбосар лавозимида ишлаган) кутилмоқда.
Top