Жаҳон | 10:07 / 06.03.2023
7813
2 дақиқада ўқилади

WSJ: АҚШ Хитойни порт кранлари орқали жосусликда гумон қилмоқда

WSJ манбаларига кўра, Хитой АҚШ ҳарбий амалиётларини қўллаб-қувватлаш учун АҚШга импорт қилинадиган ёки ундан экспорт қилинадиган товарлар ҳақида маълумот олиш учун кранлардан фойдаланган бўлиши мумкин. 

Фото: Getty Images

АҚШ расмийлари бутун мамлакат бўйлаб денгиз портларида жойлашган Хитойда ишлаб чиқарилган гигант кранлардан Пекин томонидан жосуслик қуроли сифатида фойдаланилган бўлиши мумкинлигидан «хавотирда». Бу ҳақда 5 март, якшанба куни манбаларга таяниб, The Wall Street Journal нашри хабар берди

Нашр суҳбатдошлари Хитойнинг ZPMC ишлаб чиқарувчиси томонидан тайёрланган порт кранларини яширинган «троя оти» билан солиштирган. «Нисбатан яхши сифат ва арзон нархга қарамай, улар контейнерларнинг келиб чиқиши ва манзилини рўйхатдан ўтказа оладиган ва кузата оладиган мураккаб сенсорларни ўз ичига олади. Бу Хитой АҚШ бутун дунё бўйлаб ҳарбий операцияларни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатга ёки ундан ташқарига юборган материаллари ҳақида маълумот тўплаши мумкинлигига оид хавотир уйғотади», дейилади WSJ материалида.

АҚШ контрразведкасининг собиқ юқори мартабали ходими Билл Эваниннинг сўзларига кўра, кранлар юк оқимини бузмоқчи бўлганлар учун масофадан ишлаш имконини ҳам беради. «Кранлар янги Huawei бўлиши мумкин», деди у газетага, АҚШ ҳукумати америкаликлар ортидан жосуслик қилишидан қўрқиб, ускунасини тақиқлаган Хитой телекоммуникация компаниясини назарда тутиб. «Бу қонуний бизнеснинг ажойиб комбинацияси бўлиб, у махфий маълумотлар йиғилиши сифатида ҳам намоён бўлиши мумкин», деди Эванин. 

Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби WSJ’га айтишича, АҚШнинг кранлар ҳақидаги хавотири «паранойяга асосланган» ва Пекин билан савдо-иқтисодий ҳамкорликка тўсқинлик қилишга уринишдир. «Хитой қартаси»ни ишлатиш ва «Хитой таҳдиди» назариясини тарқатиш масъулиятсизликдир ва бу Қўшма Штатларнинг ўз манфаатларига зиён келтиради», — деди Хитой элчихонаси. 

Мавзуга оид