Ўзбекистон парламентида конституцияни янгилаш ҳақида маъруза қилган депутат Жаҳонгир Ширинов асосий қонунга киритилаётган айрим ўзгаришларни санаб ўтди. Қуйида унинг маърузасидан бир қисми келтириб ўтилади.

Биринчидан, Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари уй-жой билан таъминланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсонга муносиб яшашини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши, фуқароларнинг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги ва бошқалар белгиланмоқда. Бошқача айтганда, ижтимоий давлатга хос бўлган барча элементлар конституциямизда акс эттирилмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қоидалар янада такомиллаштирилди. Жумладан, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, зарур ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши мустаҳкамланди.

Иккинчидан, ижтимоий давлатга хос ёндашув таълим соҳаси бўйича ҳам кўпгина модда ва нормаларда ўз ифодасини топмоқда.

Хусусан, ёшларнинг олийгоҳларда давлат ҳисобидан грант асосида ўқиш ҳуқуқи Конституцияда белгиланмоқда. Яъни, бу билан иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олиш имконияти кафолатланмоқда. Бу олий таълимда ҳамиша давлат гранти учун квоталар ажратилади ва ушбу тартиб ҳеч қачон бекор бўлмайди дегани.

Шу билан бирга, ногиронлиги бор болаларга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитлар яратиш, яъни инклюзив таълим тизимини ривожлантириш бўйича давлат ўзига мажбурият олмоқда.

Эътибор беринг. Конституциявий қонун лойиҳасида педагог ходимларга оид қоидалар қайта кўриб чиқилди ва ўқитувчи касбига нисбатан юксак ҳурматни ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини назарда тутувчи алоҳида янги модда киритилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади” деган қоида ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамланмоқда.

Учинчидан, “инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланмоқда. Ушбу мақсадга эришиш учун, лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда: 1) инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир; 2) давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.