2022 йилда Хитойда ҳар бир аёлга 1,18 бола тўғри келган. Бу аввалги йиллардаги кўрсаткичларга солиштирилганда жузъий даражада паст.
Фото: thetimes.co.uk

«Мен ўзимга фарзанд раво кўра олмайман», — дейди Глория. У турмуш қурган ва ёши 30 дан ошган.

Унинг ҳисоб-китобига кўра, чақалоқ унга ойига 2400 долларга тушади, бу ҳали унинг ойлик бошқа харажатлари ҳисобга олинмаганда.

«Кундалик озиқ-овқат каби харажатлар учун 3000 юан (436 доллар) харажат қилишга тўғри келади. 2000 юан (291 доллар) болалар боғчасига кетади, 1000 юан (145 доллар) зарурият туғилса — энаганинг ҳақи, яна камида 10 минг юан (1456 доллар) болани ўқитишга кетади», — деб тушунтиради у.

Глория Хитой жанубидаги Гуангдонг вилоятида тўлиқ бўлмаган ставкада бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Мамлакатнинг бу қисмида хусусий секторда ўртача маош ойига 6000 юан (873 доллар)ни ташкил этади.

Глориянинг ўзи оилада ягона фарзанд бўлгани («бир оилага – бир фарзанд» сиёсати) сабабли у ипотека қарзларини тўлаб, қариб бораётган ота-онасини парваришлаш учун пул йиғишни бошламоқчи. Хитойда ҳамма қариялар ҳам пенсия олишмайди, улар ҳақида қайғуриш кўпинча фарзанд гарданига тушади.

Аҳолиси қисқараётган Хитой

Хитой демографик қопқонга тушган: бир неча ўн йил давом этган оиладаги фарзандлар сонини чекловчи сиёсатдан сўнг мамлакат аҳолиси сўнгги 60 йил ичида илк марта қисқара бошлади. Бунинг натижаси ўлароқ улар сайёрада биринчиликдан ҳам мосуво бўлишди. Айни пайтда Ҳиндистон аҳолиси уларникидан 5 миллион кишига кўпроқ.

 Хитой яқин келажакда қариб бораётган аҳоли инқирозига дучор бўлади, бу ҳолатда ишлаётган фуқаролар борасида тақчилликка ҳам дуч келади.
Бу воқеалар фонида туғилиш камаяётгани қўшимча хавотирлар келтириб чиқармоқда.
Фото: lovepik.com

2016 йилда ХХР ҳукумати оилаларга иккинчи фарзанд кўришга рухсат берди, яна беш йилдан кейин учинчи фарзандга ҳам рухсат тегди.

Лекин оиладаги фарзандлар сонига жорий этилган чекловлар бекор қилинганига қарамай, аёлларнинг кўпчилиги фақат бир нафар фарзанд кўрмоқчи ёки умуман бефарзанд ўтмоқчи.