Жаҳон | 09:36 / 09.03.2023
6948
2 дақиқада ўқилади

Швейцария банкирлари Путиннинг дўстига тегишли пуллар туфайли қамалиши мумкин

Цюрихда Путиннинг қизларидан бирига яқин шахс - Сергей Ролдугинга тегишли банк ҳисобрақамлари бўйича суд бошланди. Банк ходимлари пул кимга тегишли эканлигини текширмаганликда айбланмоқда.

Сергей Ролдугин ва Владимир Путин

Швейцариянинг Цюрих шаҳрида 8 март, чоршанба куни Россия президенти Владимир Путинга яқин шахснинг маблағлари бўйича суд жараёни бошланди. Прокуратура «Газпромбанк»нинг Швейцариядаги шуъба корхонаси тўрт нафар ходимини Москвада «Путин ҳамёни» деб аталган россиялик мусиқачи Сергей Ролдугиннинг ҳисобларини тегишли текширувларсиз очиб, бошқарганликда айбламоқда.

Иш материалларига кўра, банк ходимларининг Ролдугин шунчаки ниқоб сифатида ишлатиладиган шахс эканлигига ва пул аслида унга тегишли эмаслигига ишониш учун етарли асоси бўлган. «Мавжуд бўлган барча далиллар Сергей Ролдугин мулкнинг ҳақиқий бенефициари бўлмаганини кўрсатмоқда», — деди прокуратура вакили, ҳисобларда 30 миллион Швейцария франки борлигини таъкидлаб. Билдирилишича, бу миқдор мусиқачига тегишли бўлиши мумкин эмас.

Тўрт судланувчи барча айбловларни рад этиб, оқлов ҳукмини талаб қилмоқда. 2014 йилда Цюрихдаги «Газпромбанк» филиалида иккита ҳисобрақами очилган, унинг бенефициари виолончелчи Сергей Ролдугин бўлиб, ОАВ хабарларига кўра, у Путин қизларидан бирининг чўқинтирган отаси ҳисобланади. Ролдугин санкциялар рўйхатига ўтган йил февраль ойи охирида Россиянинг Украинага бостириб киришидан кўп ўтмай киритилган эди.

Швейцарияда қонун бўйича банклар бизнес шерикнинг шахсидан гумонланиш учун жиддий асослар мавжуд бўлган ҳолларда бизнес алоқаларини рад этишлари ёки тугатишлари шарт. Прокуратура маълумотларига кўра, судланувчилар зарур текширувни ўтказмаган ва ҳисобларни 2016 йил сентябригача очиқ қолдиришган.

Мавзуга оид