НАТО бош котиби Йенс Столтенберг сешанба куни Бахмут яқин кунларда Россия назоратига ўтиши мумкинлигини айтди, аммо унинг сўзларига кўра, бу урушда бурилиш нуқтаси рўй берганини англатмайди.
Киевда бир ҳафта олдин ҳам Бахмут ташлаб кетилиши мумкинлиги ҳақида сигналлар берилганди ва тўғридан тўғри стратегик аҳамиятга эга бўлмаган шаҳар учун охирига қадар курашиш тўғри бўлмаслигини айтишганди. Аммо душанба куни Украина президенти Володимир Зеленский иштирокидаги йиғилишда Бахмут мудофаасини давом эттиришга қарор қилингани маълум бўлди. Сешанба куни Украина қуролли кучлари қуруқлик қўшинлари қўмондони, генерал Александр Сирский бир ҳафта ичида тўртинчи бор Бахмутга ташриф буюрди.
Украина қуролли кучлари Бахмут мудофаасини давом эттиришга қарор қилгани ҳарбий концепция ўзгарганини англатадими? Бу нима билан боғлиқ бўлиши мумкин? Украина қўмондонлиги катта таваккалчиликка қўл урмадими?
Украина қуролли кучлари учун қандай хавфлар бор?
Жавоб оддий: агар россияликларнинг Бахмут ғарби ва жануби-ғарбдаги мудофаани яксон этишга ҳаракат қилаётган қанотдаги гуруҳлари ўз мақсадига эришса ва масалан, Часив Яр ҳудудида бирлашса, шаҳарни ҳимоя қилаётган бутун гарнизон қуршовда қолади.
Пригожин Украинанинг Бахмут мудофаасидаги аскарлари сонини 12–20 минг кишига баҳолаган ва бу ҳақиқатга яқин.

Қуршов эҳтимоли қанчалик яқин?
Бахмут мудофаасига ташланган бундай йирик гуруҳни ишончли тарзда блоклаб қўйиш учун қанотлардаги мудофаани яксон этишнинг ўзи етарли бўлмайди. Биринчидан, буни жуда тез ва рақиб учун кутилмаган тарзда амалга ошириш керак. Иккинчидан, қисқа фурсат ичида ички ва ташқи қуршов ҳалқалари шакллантириш ва чалғитувчи зарбалар беришга ҳаракат қилиш зарур, акс ҳолда юриш қилаётган қисмлар турли томондан зарбаларга учраб, пароканда қилиниши мумкин.




















